Шавкат Мирзиёев ЎзМУ таркибида янги факультетни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади

20.11.2017 | Ўзбекистон | 3558

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети таркибида "Таэквондо ва спорт фаолияти" факультетини ташкил этиш тўғрисида қарорга имзо чекди.

Мустақиллик йилларида мазкур спорт тури бўйича ўзбекистонлик спортчилар нуфузли халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, 44 та олтин, 64 та кумуш ва 71 та бронза медалларини қўлга киритишган.

Факультетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

—  таэквондо WTF спорт турини ўқитиш ва амалий тайёрлаш услубларини ҳамда унинг тарихи, фалсафаси, классификациясини ўзлаштирган, таълим жараёнида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш;

— халқаро илғор тажрибадан фойдаланиб, юқори даражага эга бўлган хорижий ва мамлакатимизнинг малакали амалиётчи мутахассислари ва тренерларини таълим жараёнига жалб этган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

— юқори малакали тренер ва ўқитувчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, халқаро спорт мусобақаларида муносиб қатнашадиган профессионал спортчилар тайёрлаш учун уларнинг кўникма ва билимларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқитиш дастурлари ва методларини ишлаб чиқиш;

— таълим олувчиларда индивидуал қобилиятлари ва истеъдодларини ҳисобга олган ҳолда жисмоний тарбия ва спортга оид кўникмаларни шакллантириш;

— юқори интеллектуал салоҳиятга ва спорт соҳасида пухта билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш;

— республика ва халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришадиган ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибида иштирок этадиган иқтидорли спортчиларни тайёрлаш;

— ўқитиш ва тайёрлашнинг барча даражаларида инновацион методикаларни жорий этиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид долзарб мавзулар бўйича чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш;

— мавжуд ўқув-методик, моддий-техник базани ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, таълим жараёнига спортчилар тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги даражасини таъминлайдиган ўқитишнинг замонавий техник воситаларини, педагогик технологияларни жорий этиш.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб таэквондо WTF ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш ва бошқариш таълим йўналишлари бўйича қабул квоталарини шакллантириб борадилар.