Акром Малик: “Мен”дан халос бўлиш саодати

20.11.2017 | Блог | 2502

1

Неки ўйласам, ҳаммаси ўз ҳузурим учун...

Ўзимдан бўлак ҳеч ким йўқдек...

Дунёдаги жамики ҳузур-ҳаловат, лаззат учун фақатгина мен ҳақлиман гўё.

Орзуларни қаранг: жамики инсонлар мени севсинлар.

Жамики инсонлар мендан қўрқсинлар.

Жамики инсонлар мени мақтасинлар.

Жамики инсонлар менга қойил қолсинлар.

Ё қудратингдан, бу “мен”нинг поёни борми?

Ё қудратингдан, бу “мен” тўйишни билармикин?

Ё қудратингдан, бу “мен”нинг истакларига чек борми?

Бу қанчалар саркаш! Бу қанчалар исёнкор! Бу қанчалар осий! – мен.

Бу “мен” бунчалик ўзини севмаса!

Кибрга берилган ҳам “мен”, ўзини чеклаш билмаган ҳам “мен”...

Озгина озордан фарёд кўтариб, етти осмонни бошига кўтариб, етти қат ерга муштлаган ҳам “мен”...

Фидойиликни даъво қилиб, фақат ўзига фидойилик қилган ҳам “мен”...

Ўзининг қанчалар қоралигини билса-да, оппоқман деган ҳам “мен”...

Бошини саждага қадаб, ўзига сажда қилишларини истаган ҳам “мен”...

Бу “мен”ни танийсизми? Ўзига кучи етмайдиган “мен”ни? Ўзини ҳеч бошқара олмайдиган “мен”ни?

Бу “мен”дан халос бўлишга имкон борми? Ким ёрдам беради? “Мен”дан тўйиб кетдим-ку!..

“Мен”дан этак силкиб, оёқ етгунча кетса, бўлмасми экан?

2

“Мен” деганлари қанчалик авайласанг, шунча қутуради.

Қанчалик “мен”нинг бошини силасанг, шунчалик иррилайди.

“Мен”нинг итдан фарқи йўқ.

“Мен” таслим бўлишни ёмон кўради.

“Мен”ни бир жазолаб кўр...

“Мен”га озор етказиб кўр – кўппакдек ҳуриб, оёғингга ёпишади.

Парво қилма. “Мен”ни оч қолдир.

Бир оз вақт ўтиб, энди “мен” думини ликиллатиб келади. Атрофингда гир айланади.

“Мен”га эътибор берма. “Мен” тирик ёки ўлик эканлигини ёддан чиқар!

Кейин кўрасан – “мен” шоқол каби увиллайди.

“Мен” қафасда қолган шердек ўзини тўрт томонга отади. “Мен”ни назарга илма!

Кейин кўрасан – мен Сен учун содиқ итга айланади. “Мен”га раҳм қилиши учун Сеннинг ҳузурига бор.

Сен нимани раво кўрса қабул қил, агар қабул қила билмасанг, демак, “мен” росмана итга айланиб улгурмапти.

“Мен” Сенга фидо бўла олмас экан, “мен” ўзини унутиб, Сен билан, фақатгина Сен билан қолмас экан, Сенинг истакларингдан бошқасини унутмас экан, “мен” ҳамон осий!

О, Сен!

“Мен”га кучим етмаяпти, кел, “мен”ни ҳайдаб юбор, фақат Сен қол!

Акром Малик

malikzoda.blogspot.com