Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Сеулга етиб келди

22.11.2017 | Ўзбекистон | 2883

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига етиб келди. Сеул аэропортида давлат раҳбари ва унинг турмуш ўртоғини бош вазир ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Дон Ё кутиб олди.

Ўзбекистон Президенти ташрифи шарафига икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди. Қизил гиламли йўлакча бўйлаб тарихий либосдаги Фахрий қоровул ротаси аскарлари саф тортди. Учрашув маросимига 21 артиллерия залпи жўр бўлди. Миллий либосдаги қизлар юқори мартабали меҳмонларга гулдасталар тақдим этди.

Ўзбекистон Президенти тўхтаган қароргоҳда жуда илиқ қабул бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва биринчи хонимни миллий либосдаги болалар ҳамда жамоатчилик вакиллари кутиб олишди.

Мамлакат раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифини ёритиш бўйича матбуот марказининг  хабар қилишича, Президент ташриф режаси учрашув ва музокараларга бой. Икки мамлакатнинг турли маҳкамалари ўртасида 70 га яқин ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Корея Респубилкаси Президенти Мун Чжэ Ин билан музокараларда кун тартибидаги икки томонлама масалалар, сиёсий, савдо-иқтисодий, молия-сармоявий, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Президентлар томонидан Стратегик ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисидаги ҳамкорликдаги баёнотнинг имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери, бош вазири билан учрашиб, Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес-форумига ташриф буюради.