Марказий Осиё ҳудуди сув ҳамкорлиги бўлмагани туфайли 4,5 млрд доллар йўқотмоқда

22.11.2017 | Таҳлил | 2889

Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро сув ҳамкорлиги шартномаси бўлмагани туфайли ҳар йили 4,5 млрд доллар зарар кўрмоқда.

Ушбу фикр Олма-Отада бўлиб ўтган, Марказий Осиё сув ресурслари муаммоларига бағишланган халқаро анжуманда,  МОҲЭМ директори Искандар Абдуллаев томонидан билдирилди. 

“Чегаралар узра ўтган сув ресурсларини бошқариш борасида тизимли ҳамкорлик қилинмаса, ушбу ҳудудда сув ресурслари учун жиддий рақобат пайдо бўлади. Биз, ҳамкорларимиз билан биргаликда, кичик дарёларда иш олиб бормоқдамиз, ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолиятини қўллаб қувватламоқдамиз ва ушбу масалалар ҳал қилинишини барча воситалар ёрдамида тарғиб қилмоқдамиз”, — деди Абдуллаев.

Экологнинг фикрига кўра, айни дамда ҳудуддаги мамлакатлар шундай нуқтага етган-ки, ушбу соҳада ўзаро суҳбат олиб борилмаса ва ҳамкорлик қилинмаса бу – барчага қимматга тушади.

“Табиат ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланмаслик – қимматга тушади ва иқтисодий жиҳатдан мутлақ ўзини оқламайди. Ҳамкорлик бўлмагани туфайли ҳудуддаги йўқотишлар камида 4,5 млрд долларни ташкил қилади”, — деди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, ушбу йўқотишлар қишлоқ хўжалиги, электр энергияси ҳамда халқаро молия ресурсларини олиш соҳаларида юз бермоқда.

Искандар Абдуллаевнинг фикрига кўра, ушбу соҳада муваффақиятга эришишнинг ягона услуби, бу – мамлакатлар орасида ўзаро суҳбат олиб бориш, ҳамкорлик ўрнатишдир.

“Биз бир нарсани яхши тушунишимиз керак – сув масаласи бу фақат  техник, режалаштириш ёки бўлиш ёки гидротехник иншоотлар қуриш масаласи эмас. Бу сиёсий масала ҳам, бу қонунчилик борасида ҳамкорлик қилиш масаласи, бу — ушбу соҳага қарорлар қабул қиладиган раҳбарларни жалб қилиш масаласи ҳам. Техник мутахассислар ҳамкорликка аллақачон тайёр, лекин сиёсий ирода бўлмаса буни амалга ошириб бўлмайди”, — деди Абдуллаев.   

Мутахассис хабарига кўра, унинг бошқарувида бўлган Марказий Осиё Ҳудуди Экологик маркази (МОҲЭМ) ушбу борада охирги йиллар давомида бир неча анжуманлар ўтказди, ушбу соҳада дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибасини ўрганди ва ҳудуддаги мамлакатлар орасида ўзаро ишончни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказди.