Тошкентда ўқувчи қиз томонидан пичоқланган 47 яшар эркак орадан бир кун ўтиб вафот этди

23.11.2017 | Жамият | 5730

Тошкент вилояти Тошкент тумани (Келес)да 18 ноябрь куни 1999 йилда туғилган ўқувчи қиз томонидан пичоқланган 47 яшар эркак орадан бир кун ўтиб вафот этган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Коллежда ўқийдиган келеслик ўқувчи қиз унинг телефон рақамини бегона эркакларга тарқатган 47 яшар қўшнисини жаҳл устида пичоқлаб қўйгани, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати 19 ноябрь куни хабар берган эди.

ИИБ матбуот хизмати хабарида жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилгани маълум қилинган, бироқ унинг жорий аҳволи ҳақида маълумот берилмаган эди. 22 ноябрь куни вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимига асосланиб тарқатган ахборотга кўра, жабрланувчи 19 ноябрь куни шифохонада вафот этган.

Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нозим Йўлдошевнинг сўзларига кўра, жиноят иши қайта тавсифланган ва ҳозирда Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисм «д» банди билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.