Ўзбекистон ва Хитой пиёз етиштириш бўйича глобал базани ташкил қилади

24.11.2017 | Иқтисод | 2690

Хитой пиёзнинг юздан ортиқ турини ишлаб чиқаради. Ўзбекистон эса саримсоқ пиёз ва пиёзни биринчилардан етиштиришни бошлаган мамлакатдир. Айни вақтда икки мамлакат пиёзлилар оиласига мансуб ўсимликларни етиштириш бўйича глобал тадқиқот базасини яратишга оид ҳамкорлик олиб бормоқда. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.

Глобал база икки қисмдан иборат: бири Хитойнинг Куньмин шаҳрида, иккинчиси Тошкентда жойлашади. База Хитой Фанлар академияси қошидаги Куньмин ботаника боғи ва Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ботаника боғи томонидан қурилади.

Ҳозирги вақтда Куньмин базасида дунёнинг 100дан ортиқ пиёз турлари етиштирилган. Тошкент базаси 2018 йилнинг баҳорида ишга тушиши лозим.

Куньмин ботаника боғи директори Сунь Ханнинг айтишича, база жаҳондаги пиёзлилар оиласига мансуб ўсимликларнинг 90 фоизини етиштириш, уларни тиббий ва экологик жиҳатлардан тадқиқ этиш ҳамда ушбу билимларни кенг татбиқ этишга қаратилган.