Туркистон мухториятининг 100 йиллигига: Мухторият баҳслари

25.11.2017 | Таҳлил | 3269

Бир неча кундан кейин Туркистон мухторияти эълон қилинганига 100 йил тўлади. Ушбу эътиборли ҳодиса арафасида эса мухторият мавзуси ўзбек, татар, бошқирд матбуотининг бош мавзусига айланган, ҳозирги истилоҳ билан айтсак, трендга чиққан эди. Мақола ўша баҳслар ҳақида.

Туркистон Мухториятининг 100 йиллигига

Юз йил аввал тарихимиздаги энг шонли воқеалардан бири рўй берди – Туркистон мухторияти эълон қилинди. Аслида бу онгларда, қалбларда нишонланадиган улуғ бир кундир. Шу куни тарихимизда илк бор қисман бўлса-да мустақиллик тараққий этган усулда, яъни сиёсий йўл билан, халқнинг хоҳиш-иродаси ўлароқ қўлга киритилди. Бу, шубҳасиз, ўша даврнинг зиёлилари, илғор шахслар, жадид боболаримиз саъй-ҳаракатларининг энг аҳамиятли натижаларидан бири эди. Гарчи орадан 4 ой ўтиб янги туғилган мухторият “бешигидаёқ бўғилган” бўлса ҳам, у тарихимизда алоҳида бир давр сифатида ажралиб туради. Биз сиёсий иродамизни намоён этган, бунинг учун қаттиқ жазоланган эсак-да, халқ, миллат сифатида ўзимизни кўрсатган ёруғ кунлар эди.

1917 йил Россияда Февраль инқилоби рўй бериб, мамлакатда маълум сиёсий эркинликлар юзага келган, бунинг эпкинлари рус мустамлакаси остидаги чекка ҳудудларга, хусусан, Туркистонга ҳам етиб келган бир даврда зиёлиларимиз жонланишди. Бирданига диллардаги яширин орзулар қалқди, буткул мустақиллик бўлмаса ҳам, “мухторият, мухторият” деган сўз кўп тилга олинадиган бўлиб қолди, Туркистон ўзини ўзи идора қилиш ҳақида ўйлай бошлади. Давомли баҳслар маҳаллий матбуот саҳифаларини тўлдириб, ҳаммани қизиқтириб турган энг долзаб мавзуга айланди. “Туркистоннинг усули идораси” ўлкадан четда, хусусан, “Таржумон”, “Вақт”, “Шўро” сингари татар-бошқирд матбуоти нашрларида ҳам кенг ёритилди. Улар орасида, айниқса, “Шўро” журнали юртимиздаги сиёсий ўзгаришларни диққат-эътиборда ушлаб турди.

“Шўро” журнали 1908–1917 йилларда Оренбургда ака-ука Рамиевларнинг “Вақт” матбааси муассислигида чоп этилган нашр. Ойда 2 марта, 10 йилда жами 240 сони босилган бу журнал Туркистон ўлкасида ҳам кенг ёйилган, туркистонлик зиёлилар журнал саҳифаларида анча фаол эдилар. Беҳбудий, Чўлпон, Мирмуҳсин Шермуҳамедов каби зиёлиларимизнинг мақолалари, бадиий асарлари, ўлкамизга оид саёҳатномалар, тарихий мақолалар, турли хабарлар, мактублар... Хуллас, шахсан ўзим “Шўро”да Туркистонга оид 200 га яқин материални санаганман. Яъни деярли ҳар бир сонида Туркистон мавзуси кўтарилган эди. 1917 йилда эса йил бўйи журнал Туркистон мухторияти масаласини диққат марказида ушлаб турди.

1917 йил Февраль инқилобидан кейинги демократик ўзгаришлар натижасида “Шўро”да Туркистонлик муаллифларнинг фаоллиги ўсди ҳамда журналнинг Туркистонга бўлган эътибори ортди. Бу даврда Русия мустамлакасида бўлган ҳар бир ўлка, жумладан, Туркистон ҳам ўзининг давлат қурилиши ҳақида, идора усули тўғрисида қайғура бошлаган эди. Туркистоннинг келажак усули идораси қандай бўлади? Унга мустақиллик, ҳеч бўлмаса, мухторият ҳуқуқи бериладими? Буни туркистонликлар қандай қабул қиладилар? Шу каби масалалар ўлка зиёлилари олдида кўндаланг турар эди. Уларнинг қандай ечим топишини ташқарида ҳам қизиқиш билан кузатиб борардилар. Шу сабабли “Шўро” журнали ”Туркистонликлар ва федерация” масаласига ўз саҳифаларида кенг ўрин берди. Айтиш жоизки, мухторият борасида Туркистон зиёлилари якдил эмасдилар. Бу иш кун тартибига қўйилиши билан миллатнинг ойдинлари иккига бўлиниб кетдилар. Бир томон “Туркистонга мухторият керак, бу унинг табиий ҳуқуқи” деб бонг урса, иккинчи томон “Туркистон мухториятни сақлаб қола олмайди, ҳали у бунга лойиқ эмас!” деган хитоблар билан аввлгисини босиб тушишга ҳаракат қилади. Биринчи гуруҳнинг бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқорилар турса, иккинчи гуруҳни Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Кабир Бакир{1} каби зиёлилар ташкил қилган.

Туркистон мусулмонларининг 1917 йил 18 апрелдаги қурултойида айнан шу масала юзасидан Беҳбудий ва Кабир Бакир  ўртасида даҳанаки жанжал чиқади. Мунавварқори: “Бу мажлисимиз рус ватандошларимиз қошинда имтиҳон мажлисидир. Ўзимиз федерация тилармиз экан, шуни идора қилувга ёраб-ёрамовимизни кўрсатадиган кундир. Ўзимизнинг истеъдодли ва қобилиятли бир миллат эканимизни кўрсатайлик!”, – деб уларни тартибга чақиргач, Беҳбудий мажлисни ташлаб чиқиб кетади ва кейинги кунлари ҳам Қурултойда кўринмайди {2}.

Мухториятга қаттиқ қаршилик қилганлардан бири Мирмуҳсин Шермуҳамедов эди. “Табиийки, Туркистон мухторият олса, қаҳрли қора кучларнинг зўрайиб, истиқлол исмининг булғонмазлиғина ким шубҳа эта? Бундан етмиш йил илгариги хонларнинг ваҳшиёна идораларини юритув фикриндан бўлғон аҳмоқлар ҳам йўқ тугул, бик кўп” {3}.

Унингча, бу қора кучлар “ўзининг шахсий кисса манфаатлари учун диний ва миллий ҳуқуқларимизни оёқ остина олиб топтағон провактур уламо ила буржуаз бойлардир. Мен мухториятға қарши овоз бердим” {4} , – дейди у. Очиғи, етук журналист, илғор зиёли, жадид, тараққийпарварлик руҳида ёзилган “Бефарзанд Очилдибой” асари учун сал қолса жонидан айрилай деган (қози уни ўлимга ҳукм этганди, аммо у қочиб қутулган) Мирмуҳсин Шермуҳамедов нима учун мухториятга қарши бўлган эди деган савол мени анча ўйлантирди. Фикримча, у мухториятга эмас, шароит ва муҳитга қарши эди. Бирлашмаган зиёлилар ва сиёсий элитанинг аҳволини ичдан билгани учун мамлакат яна ўша мутаассиб диндорлар, ҳар ишдан шахсий манфаат учун илож топа оладиган учарлар қўлида қолиши, ўлка янада таназзулга юз тутмоғидан қўрққан. На бир бошқарув концепцияси, ка конституцияси ва на лидери бўлмаган миллат жаҳолат ботқоғига баттар ботмайдими, юрт бир ҳовуч маҳаллий амалдорларнинг шахсий томорқасига айланиб қолмайдими деган асосли ҳадик бор эди унда. Мен М. Шермуҳамедовни жадидлар ва мухториятчилар орасида энг прагматик шахс деб биламан. Чунки у эҳтиросларга берилмай, вазиятга тийрак кўз билан баҳо бера олганди. Кейинги воқеалар М.Шермуҳамедовнинг  ҳақлигини исботлади, аввал мухторият ичида, у тор-мор этилгач эса, зиёлилар ва ҳарбийлар ўртасида якдиллик бўлмади, бу эса большевиклар учун айни муддао эди.

Мухторият тарафдорлари-чи? Улар нима дейдилар? 18 апрелдаги қурултойда Беҳбудий Мухторият ҳимоясига шундай сўзларни айтган эди: “Биз ҳозир ортиқ шов-шувга бормасдан, ҳар на бўлса-да, азоб ила олинғон ҳурриятимизға зид ҳаракат этмайик-да, фурсатдан истифода этиб, тўп-тўғри федерацияни қабул этайик! Сиз билғонча мен-да билам, ҳақиқатдан, ҳозир бизда федерацияни идора қилувчи кишилар йўқ. Лекин ўзимизда бўлмаса-да,  тотор қардошларимизда, Қофқоз мусулмонларида бор. Бас, шулай бўлғоч, биз онлардан бир нечта кишиларни муваққатан бурчға олиб турамиз. Албатта, тўрт-беш ойда ўзимиз ҳам етуша бошлаб, ана ул вақтда ўзимизни ўзимиз идора эта бошлармиз” {5} . 

Назарий жиҳатдан тўғри фикрлар, лекин уларни амалда қўллаш қандай самаралар бериши номаълум. Шундай бўлса ҳам, Беҳбудий бир нарсани тўғри идрок этмоқда: Февраль инқилобидан кейин берилган эркинликлар чиндан ҳам ғанимат. Эллик йилда бир келган бу имкониятдан вақтида фойдаланиб қолинмаса, кейин кеч бўлиши мумкин.

“Шўро”нинг 1917 йил 17-сонидаги “Туркистонлилар ва федерация” мақоласи муаллифи Алижон Тиришқовий мухториятни ҳимоя қилиб яна бир асосли далил билан чиқади. “Майли, бугунги Туркистон аҳолиси илмсизлиги туфайли мухториятга нолойиқ бўлсин. Аммо келажак авлод-чи? Уларнинг биздан кўра юз чандон илмли ва маърифатли бўлмоқлари тайин-ку. Биз бугун мухториятдан ул қадар фойда кўрмасмиз. Бироқ ундан воз кечсак, авлодларга бундан қаттиқ зиён етгусидир!” {6}

Алижон афанди бу борада юз фоиз ҳақ эди.

Туркистон матбуотидаги каби “Шўро” журналида ҳам ушбу мавзу йил давомида қизғин муҳокамада бўлди. 1917 йил 26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси Қўқонда Туркистон мусулмонларининг IV қурултойи бўлиб ўтди, унда Туркистон мухторият деб эълон қилинди. Фитрат бу тунни “миллий Лайлатулқадримиз” деди. Маҳаллий матбуотда мухториятни қутловчи эҳтиросли мақолалар чоп этилди. Аммо “Шўро” бу ҳақида бир кичик хабар ҳам босмади. Чунки октябрь тўнтаришидан кейин большевиклар тазйиқини тобора кучли сезаётган журнал ўзининг сўнгги кунларини яшамоқда эди...

Бу материалларнинг биз учун нима қизиғи бор? Ўз-ўзидан “Ўтган 100 йилда қайси жиҳатларимиз ўзгарди, ислоҳ бўлди-ю, қай томондан ҳамон ўша-ўшамиз?” деган савол туғилади. Фикримча, бир аср ичида биз кўп ўзгармаганмиз. Ўша пайтда Туркистон мухторияти атрофида зиёлиларимиз якдилликка эришиши осон бўлмаган экан, худди бугун якдил бўла олмай ижтимоий тармоқларда бир-биримиз билан масала талашгандек. Хуллас, ушбу қарма-қаршиликлар бизнинг фитратимизда, қонимизда бор жиҳатларни, асрлар ўтса-да ўзгармас хусусиятларимизни кўрсатади, маълум хулосаларга етаклайди.

Шунингдек, мухторият атрофида ўша даврдан қандай фикр-мулоҳазалар бўлгани, халқнинг, зиёлиларнинг кайфияти ва руҳиятини ўрганиш учун ҳам бу материаллар катта қийматга эга.

Баҳслардан қатъи назар, Мухторият қўлга киритилди. Оз бўлса-да, қисман бўлса-да, Туркистон эркин бўлди ва бу ҳодиса онгларда инқилоб ясади. Унинг таъсирини йўқотиш учун шўролар анча меҳнат, тер ва қон тўкишларига тўғри келди. Афсуски, қон боболаримизники эди.

_____________________________

1. (1885–1944)Бошқирд драматурги, танқидчиси, Учинчи Россия думасининг мусулмонлар фракцияси котиби. Бирмунча вақт Оренбургда “Вақт” газетасида ишлаган, 1917 йил Тошкентда “Улуғ Туркистон” газетасини ташкил қилган.

2. Қаранг: Аҳлулло Хайрулло ўғли. Туркистонда биринчи қурултой. “Шўро” ж., 1917. №14. –Б.323-324

3. Мирмуҳсин Шермуҳамедов. Туркистон усули идораси ҳақинда. 1-қисм. “Шўро” ж., 1917. №12. –Б. 279-280.

4. Ўша мақола.

5. Мирмуҳсин Шермуҳамедов. Туркистон усули идораси ҳақинда. 2-қисм. “Шўро” ж., 1917. №14. –Б. 318-319.

6. Аҳлулло Хайрулло. Туркистонда биринчи қурултой. “Шўро” ж., 1917. №17. –Б. 322–324.

Шаҳноза Тўрахўжаеванинг Facebook саҳифасидан