Тошкентдаги масжидлардан бирида "варақа" тарқатган аёл қўлга олинди

26.11.2017 | Жамият | 4908

Гулбозор маҳалласида жойлашган жомеъ масжидга намозга йиғилганлар бир аёл кўтариб келган конвертни имомга етказишди, деб ёзади muslim.uz.

Конверт ичидан диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган 14 дона варақа чиқди. Имом бу ҳақда тегишли органларга хабар берди.

Ички ишлар органлари ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида ушбу қилмишни содир этган шахс "Марказ-26" даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирида доимий рўйхатда турган У.Узоқова бўлиб чиқди.

Маълум бўлишича, у "Ҳизбут-таҳрир" диний экстремистик оқими ғояларини тарғиб қилувчи таълим олиб келган. Орадан анча вақт ўтиб аёлга "энди оқимимизга аъзолик ҳақида қасам ичишинг ва маслакдошларимизни кўпайтириш учун ҳаракат қилишинг керак" мазмунида буйруқ келади. Онги заҳарланган, оқимнинг таъсирига буткул тушган аёл буни сўзсиз бажаради.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.