177 нафар порахўр ва таъмагир милиция ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди

27.11.2017 | Жамият | 3567

Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида интизомий жазога тортилган ходимлар сони ўтган йилга нисбатан 285 тага ошган, порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа жиноятларни содир қилгани учун 177 нафар ходимлар жиноий жавобгарликка тортилган, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида ўтказилган видеоселектор давомида ҳисобот берилган.

Йиғилишда асосий эътибор профилактика инспектори лавозимига муносиб ходимларни тайинлаш, кадрларни жой-жойига қўйиш, ушбу лавозимларни юридик маълумотга эга, малакали ҳамда масъулиятли ходимлар билан жамлашга қаратилган.

Шунингдек, ходимлар ўртасида хизмат интизоми, муомала маданияти, касбий ва жисмоний тайёргарлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермаслиги юзасидан ҳақли эътирозлар билдирилган.

Йиғилишда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари кадрлар йўналишига масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланган ва камчиликларга йўл қўйган раҳбарларга кўрсатиб ўтилиб, салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилган.

Йиғилиш сўнгида, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан чуқур таҳлил олиб бориш, уни келтириб чиқарувчи сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатларнинг келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар белгиланган.