Кун тарихи: 100 йил муқаддам Ўзбекистон тарихида қандай муҳим воқеа юз берган эди?

27.11.2017 | Блог | 4744

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Россия империясининг Марказий Осиёга уюштирган босқинчилик юришлари оқибатида Қўқон хонлиги узил-кесил тугатилди. Хива хонлиги ва Бухоро амирликлари ўз ҳудудларининг бир қисмидан маҳрум бўлиб, Россияга қарам бўлиб қолди. 1867 йилда Ғарбий Туркистондаги Россия босиб олган ҳудудларда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди. 1881 йилга келиб, Туркистон 5 та вилоятдан: Самарқанд, Фарғона, Еттисув, Сирдарё ва Каспийорти ҳудудларидан иборат эди.

Туркистон ўлкаси Россия империяси мустамлакасига айлантирилиб, бу ҳудудда ўзга давлат ҳукмдорларининг зўрликка асосланган бошқарув тизими ва сиёсати юргизила бошлаганидан эътиборан унинг мазлум ва жабрдийда халқлари ўз эрки, озодлигидан маҳрум этилиб, бировлар қўл остига тобе бўлиб қолдилар.

Туркистоннинг сўнгги генерал-губернатори А. Куропаткиндек юқори мартабали «зот» ҳам: «Биз 50 йил туб жой аҳолини тараққиётдан жиловладик, уни мактаблар ва рус ҳаётидан четда тутдик», деб эътироф этган эди.

1917 йил февралида Россияда юз берган инқилоб подшо ҳокимиятини ағдариб ташлади ва муваққат ҳукумат ҳокимияти ўрнатилди. Россиядаги инқилобий ҳаракатлар Туркистонда ҳам мустақиллик учун ҳаракатлар тезлашишига туртки бўлди. Ўлка зиёлиларини бирлаштирган «Шўройи Исломия» ва «Шўройи Уламо» партиялари, «Озод халқ», «Ҳуррият», «Турон», «Иттиҳоди тараққий», «Маърифат», «Мирваж ул-Ислом» ва «Мусулмон меҳнаткашлари иттифоқи» каби ташкилотлар пайдо бўлди. «Шўройи Исломия» партияси мустақилликка қон тўкмасда – босқичма-босқич эришишни ёқлаб чиқди. Туркистонни Россия федерацияси таркибида Мухторият деб эълон қилиш ғояси илгари сурилди.

1917 йилнинг 16 апрелида Туркистон мусулмонларининг I қурултойи чақирилиши улкан тарихий воқеа бўлди. Туркистон зиёлилари Май ва июль ойларида Россия мусулмонларининг I ва II қурултойларида ҳам иштирок этишди. 17-20 сентябрь кунлари Тошкентда чақирилган Туркистон мусулмонларининг I қурултойида 500 киши қатнашди. Қурултойда 12 кишилик Туркистон ўлка қўмитаси ва 24 кишилик «Маҳкамайи Шаръия» тузилди. Туркистон мусулмонларини бирлаштирувчи ягона «Иттифоқи Муслимин» партияси тузиш ғояси ҳам илгари сурилди. Илғор зиёлилар халқни бирлашишга, ихтилофга бормасликка тинмай даъват қилишди. Бу қурултойлар мустақиллик учун ташланган муҳим қадамлар бўлди.

Аммо муваққат ҳукумат юритган сиёсат узоқ давом этмади – октябрь ойида Россия пойтахтида навбатдаги тўнтариш бўлиб ўтди. Ҳокимият Ленин бошчилигидаги большевикларнинг «пролетариат диктатураси» қўлига ўтди. Туркистонда ҳам совет ҳукумати тарафдорлари фаоллаша бошлади. 31 октябрь тунида Тупроққалъадаги муваққат ҳукуматинг Туркистон қўмитаси қароргоҳи советлар томонидан ишғол қилинди. 1917 йил 15-22 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Туркистон ишчи, солдат ва деҳқонларининг III қурултойида мусулмон зиёлилар вакиллари қатнаштирилмади. Қурултойда тузилган 15 кишидан иборат ҳукумат – Туркистон Халқ Комиссарлари Совети таркибига маҳаллий мусулмон халқлар вакилларидан бирор киши киритилмади.

Шундан сўнг Туркистон зиёлилари совет ҳокимиятига қарши тура оладиган, демократик асосдаги миллий давлатчиликни ташкил этишга қарор беришди. Улар Туркистон халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини талаб қилишди. 1917 йилнинг 26 ноябрида Қўқон шаҳрида Туркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи иш бошлади. Қурултойда маҳаллий мусулмон халқлар вакилларидан ташқари татарларнинг Туркистон бюроси ҳамда яҳудий жамоалари вакиллари ҳам иштирок этди. Қурултой иши 28 ноябрга қадар давом этиб, ўлка тарихидаги илк демократик давлат – Туркистон Мухторияти эълон қилинди.

72 кун умр кўрган Туркистон Мухториятини тузиш қарорини берган мазкур тарихий қурултой иш бошлаганига бугун 100 йил тўлди. Ўзбек халқи мустақиллик учун курашган аждодлари ёдини ҳеч қачон унутмайди ва миллий давлатчилик мустақиллигини асраш йўлида бор куч-ғайратини ишга солади.