Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилоятида янги молиявий пирамидани фош этди

28.11.2017 | Жамият | 5587

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Тошкент вилояти ИИБ вакиллари билан ҳамкорликда фирибгарлик билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди, дея хабар тарқатди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури.

Янгийўл туманида истиқомат қилувчи Нуриддин Абилгазиев (1979 йилда туғилган) уч нафар ҳамтовоғи билан билан Dilshod Avto Savdo МЧЖ ташкил этиб, ушбу жиноятга раҳбарлик қилган. Ҳужжатларга кўра фирма воситачилар ёрдамида автомобиллар савдоси билан шуғулланган, бироқ тергов жараёнида бу шунчаки ниқоб экани фош бўлди.

«Раҳбар лавозимлари ва бошқа мансабларга ўз маслакдошларини тайинлаган Абилгазиев ҳақиқий молиявий пирамидани бунёд этади. Манфаатли ишга маблағ киритиш таклифи билан одамлардан пул, қимматбаҳо буюмлар, мол-мулк, уй ҳайвонлари ва автомобиль транспортини қабул қилиб олади. Улар ўрнига катта миқдордаги фоизларни тўлашга ваъда беради», - дейилади дастурда.

Абилгазиев турли каналлар орқали корхона омонатчиларининг муваффақиятлари тўғрисидаги ёлғон ахборотларни тарқатади. Омонатчиларнинг пул ва қимматбаҳо ашёларини компанияни ривожлантиришга йўналтирмасдан, аввалги омонатчиларнинг фоизларини қоплайди, пулнинг қолган қисмини эса ўзлаштириб юборади, дейилади дастурда. Алданган омонатчилар сони юзлаб кишини ташкил этади.

Ишни кўриб чиққан Янгийўл туман суди жабрланганларга 700 млн сўмдан зиёд миқдорда товон пули тўланиши тўғрисида қарор чиқарди. Бундан ташқари, 125 тадан ортиқ енгил ва юк машиналари қонуний эгаларига қайтарилди.