Тошкент вилоятида 16 ёшли ўсмирлар уйдан 8 млн. сўм ўғирлашди

28.11.2017 | Жамият | 2362

Тошкент вилояти Янгийўл туманида умумий қиймати 8 миллион сўм бўлган буюмлар ва пул ўғирланди. Ички ишлар органлари ходимларининг хабар беришича, талабалар 5 дона аёллар тилла узуклари, 2 дона эркаклар тилла узуклари, 1 дона аёллар тилла занжири ва 390.000 сўм пулларни ўғирлашган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди(уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тергов ҳаракатлари натижасида, ўғрилар Янгийўл туманида яшовчи вояга етмаган, туман “Автотранспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи” 1-босқич талабалари бўлганлиги аниқланди. Талабалар 3-дарсдан қочиб, коллеж орқа томонидан девордан ошиб ўтган ҳолда коллеждан чиқиб кетишган. Улар жабрланувчи эшигини тақиллатиб, уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач ўғирликни амалга оширишган.

Ҳозирда уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.