Унутилган тарих: Туркистон мусулмонларининг IV қурултойи қай тартибда ўтган?

28.11.2017 | Блог | 2870

Бундан роппа-роса 100 йил муқаддам Ватанимиз тарихида муҳим аҳамият касб этган воқеалардан бири – Туркистон мусулмонларининг фақулодда IV қурултойи бошланган эди. Фавқулодда қурултой ўтказишга нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот берган эдик. Қуйидаги ўша машҳур қурултойнинг Мухторият эълон қилингунча бўлган амалий ҳаракатларидан қисқа маълумот келтирамиз.

Қурултойда қатнашиш учун таклифномалар олдиндан юборилган бўлса ҳам почта-телеграф хизматчиларининг иш ташлаши туфайли айрим жойларга кечикиб етиб боради. Ташкилотчилар қурултой ҳақида газеталарда эълон беришган эди. Турли сабабларга кўра қурултойга таклиф қилинганларнинг ҳаммаис ҳам етиб бора олмайди.

25 ноябрь кеч соат еттида қурултой ташкилотчиси «Шўройи Уламо»нинг Қўқондаги қароргоҳида мажлис бўлиб ўтди. Қурултойда қуйидаги масалалар қўйилишига келишиб олинди:

-Туркистонда бошқарув тизми ва советлар билан муносабатлар муассасаси;
-Аксилболшевистик Жануби-Шарқий Иттифоқ (ЖШИ)га қўшилиш масаласи;
-Туркистон ижроия қўмиталарига сайловлар;
-Туркистон Марказий Шўросини қайта сайлаш;
-Туркистонда қонунчилик ҳокимиятини яратиш;
-Туркистонда қонунчилик ҳокимиятини яратиш;
-Туркистон Таъсис Мажлисини чақириш;
-Туркистонни ҳудудий жиҳатдан мухторият деб эълон қилиш.

26 октябрь соат 12 да Мустафо Чўқай қурултойни очиқ деб эълон қилади. Мандат комиссияси аъзоси Тошпўлат Норбўтабеков иштирокчиларни делегатлар билан таништиради. Бу пайтга келиб қурултойда Фарғонадан 150 киши, Сирдарёдан 22 киши, Самарқанддан 21 киши, Каспиёртидан бир киши ва Бухородан 4 нафар вакил қатнашаётган эди. Кейинчалик иштирокчилар сони 250 нафарга етади. Қурултойга бағишланган мақоласида Беҳбудий қурултой иштирокчилари сони 300 нафарга етишини ёзган эди.

Қурултойда Туркистондаги турли миллат ва дин вакиллари иштирок этган. Шунинг учун «Улуғ Туркистон» газетасин қурултойни Туркистон халқлари қурултойи деб атаган эди. “Ишчилар дунёси: журнали қурултой ҳақида шундай ёзган эди: «Қурултойда Туркистон ўлкасининг ҳар бир жамияти, иттифоқи ва миллий шўро вакиллари йиғилгани учун, у ўлкканинг 10 миллионли мусулмон аҳолиси манфаатларига жавоб берувчи қарорларни қабул қилишга ваколат ҳуқуқига эга бўлди.» Бу эътироф ўша пайтда Мухториятга қарши бўлган ўлка ишчилари, деҳқон ва аскарлари шўроси томонидан эълон қилинган эди.

Музокаралардан сўнг, очиқ овоз бериш йўли билан қурултой ҳайъатига ўлка халқаларининг таниқли кишилари – Убайдулла Хўжаев, Мустафо Чўқаев, Обиджон Маҳмудов, Юргули-Оғаев, Саломан Гердцфельд, Ислом Шоаҳмедов, Камолқори, Акаев, Кичкимбоев, Абдураҳмонбек Ўразаев, Пилиев, Каримбоев, Маҳмудхўжа Беҳбудий, жами 13 киши сайланди.

Биринчи масала: «Туркистоннинг жануби-шарқий иттифоққа қўшилиши тўғрисида» бўлиб, делегатлар учун кутилмаганда пайдо бўлди ва анча мунозара туғдирди. Иккинчи масала: «Туркистон мухторияти тўғрисида» эди. 27 ноябрь куни эрталаб съезднинг очилишида шаҳар ҳокими қуйидагича фикр билдиради: «Туркистон мусулмонларининг ИВ Ўлка съездини чин қалбдан қутлайман ва съезд Туркистонга мумкин қадар кўпроқ фойда келтириб, Туркистон тарихида чуқурроқ из қолдиришини истайман… Шубҳасиз, Туркистонга эркин мухторият керак», деб таъкидлади. Биринчи масала юзасидан ўтган баҳсларда депутатларнинг бир қисми иттифоққа киришни маъқулладилар.

Иқтисодий жиҳатдан иттифоққа кириш фойдали эди. Чунки ўлкага Шимолий Кавказ ва Оренбургдан дон маҳсулотлари келтириларди. Айни вақтда Туркистон ўз пахтасини уларга сотиши мумкин эди. Устига устак «Жануби-шарқий иттифоқ» ҳудуди аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қиларди, бу сабаблар иттифоққа киришни яқинлаштирса, иккинчи гуруҳдагилар Туркистоннинг яна мустамлака бўлиб қолишидан хавотирда эдилар.

Қурултойда тартиб йўқола боради. Раислик қилувчи тажрибасизлиги туфайли тартиб ўрнатолмайди ва у қурултой мажлисини ёпиқ деб эълон қилишга мажбур бўлади. Жануби-шарқий иттифоққа кириш эса эртаси кунга қолдирилади. 27 ноябрь куни узоқ тортишувлардан сўнг бўлғувси давлатнинг иқтисодий ҳолатини ҳисобга олиб, иттифоққа кириш ҳақида қарор қабул қилади.

Қурултой кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан мунозаралар съезднинг кечки мажлисида ва 28 ноябрь кунги эрталабки мажлисда давом эттирилди. 27 ноябрь кечки мажлисида Қурултой Туркистон Мухторияти тузишга қарор қабул қилди.