Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Айбсизлик презумпцияси
29.11.2017 09:05,  
567

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида пайдо бўлган аудиоёзув, кутилганидек, жамоатчиликни шов-шувга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур ҳодисага кўп ва хўб муносабат билдиришди. Андижон шаҳрининг сўконғич ҳокими жамоатчиликни ҳайратда қолдирди, дейиш унча тўғри бўлмаса керак. Боиси, ҳокимларнинг «тилидан бол томиши» ва қўл остидагиларга қарши куч ишлатишига ўрганиб ҳам қолдик.

Ҳокимнинг қилиғи ғайриқонуний бўлиши билан бир қаторда, ғайриинсоний бўлгани билан ҳам кескин муносабат ва нафратга сабаб бўлганини тушуниш мумкин. Аммо ўтган ҳафтада яна бир муҳим воқеа юз бердики, долзарблиги бўйича ҳокимнинг қилиғидан қолишмайди. Таассуфки, бу воқеа жамоатчиликнинг эътиборига тушмади. Тўғрироғи, ҳодисанинг энг муҳим жиҳати эътибордан четда қолди.

24 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида «Шайхонтоҳурда экстремист аёл қўлга олинди» деб номланган хабар-мақола эълон қилинди. Ўша заҳоти бошқа интернет нашрлари бу хабарни кўчириб босишга киришиб кетишди. Мақолада айтилишича, тошкентлик У. Узоқова «Ҳизбут-таҳрир»га алоқадор варақа тарқатаётган пайтда ҳибсга олинган.

Биз фуқаро Узоқова амалга оширган жиноят тафсилотларига тўхталмоқчи эмасмиз. Ҳодиса бўйича ЎзА мухбири Норгул Абдураимова томонидан эълон қилинган зерикарли хабар-мақолани ҳам таҳлил қилиб ўтирмаймиз. Бу ерда эътиборга молик иккита муҳим жиҳат бор. Аввало, мақола сарлавҳасида журналист Норгул Абдураимова қўлга олинган аёлни эктремист деб атамоқда. Мақола давомида эса «ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани» маълум қилинган.

Модомики, ҳали тергов ҳаракатлари давом этаётган, Узоқовага нисбатан экстремизм бўйича суд ҳукми эълон қилинмаган экан, расмий ахборот агентлигида уни экремист деб аталиши диққатга сазовордир. Норгул Абдураимова ҳали суд қарори чиқмасдан туриб, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва журналистнинг касбий этикасига зид равишда гумондорни «экстремист» деб атамоқда ва мамлакатнинг биринчи рақамли ахборот агентлиги буни эълон қилмоқда.

Хўш, «Ҳизбут-таҳрир» варақаларини тарқатиш чоғида қўлга олинган фуқарони экстремист деб аташ мумкинми? Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига кўра, ҳар қандай шахс, у қандай жиноят устида қўлга олинишидан қатъи назар, токи суд ҳукми чиқмас экан, айбдор ҳисобланмайди. Мазкур қоида Ўзбекистоннинг асосий қомуси ҳисобланган Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 26-модда:

Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.

Қонунчилигимизда «Айбсизлик презумпцияси» тушунчаси мавжуд. Адлия Вазирлиги сайтида бу тушунчага қуйидагича таъриф берилган:

Айбсизлик презумпцияси — бу айби қонунда белгиланган тартибда ва тегишли органлар томонидан тасдиқланмагунча шахснинг айбсиз ҳисобланишидир... Айбсизлик презумпцияси шахс ушланган вақтдан бошлаб, суд ҳукми қонуний кучга киргунга қадар амалда бўлади. Шахс фақат суд ҳукми билангина айбли деб топилади, бошқа бирон давлат органи бундай ваколатга эга эмас.

Ўзбекистон ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартибини белгилайдиган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси «Айбсизлик презумпцияси» деб номланади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, 23-модда:

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Ушбу қоида барча жиноят ишлари учун умумий бўлиб, суд қарори чиқарилгунга қадар ҳеч бир гумондор, ҳаттоки оғир жиноят устида қўлга олинган бўлса ҳам, муайян жиноят бўйича айбдор деб эълон қилиниши мумкин эмас. Демакки, фуқаро Узоқовани ҳозирча экстремист, деб аташ нафақат мумкин эмас, балки қонунчиликда белгилаб қўйилган меъёрлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зиддир.

Ҳозирча, суд Умида Узоқовани эктремизмда айбдор деб топмаган экан, ЎзА мухбири Норгул Абдураимова уни эктремист деб аташга ҳақли эмас. «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси «Журналистнинг мажбуриятлари» деб номланади. Мазкур моддага мувофиқ, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши журналистнинг мажбуриятларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

«Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади. Жиноят Кодексиннг 139 ва 140-моддаларига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари орқали шахсга туҳмат қилиш ёки ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни ҳам журналист олдига муайян талабларни қўяди. Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Шунингдек, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Журналистлик фаолияти фақат ёзишни билишни эмас, ҳуқуқий саводи бўлишни ҳам тақозо этади. Шундай экан, журналист ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқидан фойдаланиш билан бир қаторда, ўзининг қонуний мажбуриятларига риоя қилиши талаб этилади. Зеро,

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 20-модда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги қандайдир «сариқ матбуот» эмас. Модомики, агентлик расмий ахборот тарқатувчи ҳисобланар экан, ўз мухбирларининг эҳтиросларга берилиб, қонун доирасини четлаб ўтиб ёзган мақолаларига эътиборли бўлиши, таҳрир масаласига жиддий ёндошилиши лозимлиги ҳақида гапириш ортиқча бўлса керак.

Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан