Троллар армиясининг ҳужуми

29.11.2017 | Блог | 3617

Биз уларнинг кимлигини ҳам, вазифаси нимадан иборатлигини ҳам билмаймиз. Фақатгина ўзини бизга ўхшаб тутадиган мингларча троллар мавжудлиги маълум. Улар ўз уйида ё махсус идорада ёки поездда ёнгинангизда ўтирган бўлиши мумкин. Улар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишади, блогпостлар ёзишади, изоҳлар қолдиришади. Айримлари мана шу мақолани ўқиши ҳам мумкин.

Пулингиз бўлса, сиз ҳам ўз трол армиянгизни ёллашингиз мумкин. 2011 йилда Белл Поттингер (Bell Pottinger) PR фирмаси «учинчи тараф блоглари» юритадиган журналистлар ҳақида маълум қилган эди. Улар википедиядаги мақолаларни ва Google қидируви рейтингини ўзгартириши мумкин. Маркетингда «астротурфинг» деган тушунча мавжуд. Унга кўра, пропагандани пул билан таъминлайдиган ҳомийларнинг номлари ошкор қилинмайди ёки эътибор берилмайдиган жойларга беркитилган бўлади. Кашандаларнинг овози ва яқин дўсти бўлган ФОРEСТни (FOREST: Freedom Organisation for the Right to Enjoy Smoking Tobacco – Тамаки чекишдан роҳатланиш ҳуқуқи учун озодлик ташкилоти) олинг, унинг рекламасида тамаки саноати томонидан молиялаштирилганига оид майда, кўз илғамас ёзув бор.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларни бошқариш ҳукумат ишининг бир қисмига айланди. Бу ҳали ҳукуматларни қандай шакллантиришга ҳам таъсир қилиши мумкин. Сўнгги ҳисоботлар шуни кўрсатдики, Доналд Трампнинг интернетдаги энг ашаддий тарафдорлари америкаликлар эмас, унинг ғалабасига ёрдам бериш учун ҳукумат томонидан ёлланган россияликлар экан. Улардан бири Саманта Би аслида небраскалик уй бекасилигини айтган. У нима учун иқрор бўлгани номаълум, аммо атрофга боқсангиз, аслида ҳамма шундай эканлигини сеза оласиз. Бу фақатгина иккала мамлакатнинг услуби эмас.

Хитой

Хитойда «50 тийинлик жамоа»нинг мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас, боиси икки миллион кишини махфий тарзда ишга ёллаш мушкул. Ҳатто давлатга қарашли Глобал Таймс (Global Times) нашри 2010 йилда гуруҳнинг Чангшадаги офисига таяниб, 2004 йилда тролларга ойига 600 юан ва ҳар бир маддоҳона пост учун қўшимчасига ярим юан – «50 тийин» тўланганини маълум қилган эди.

Шундан бери Хитойдаги маҳаллий ҳукумат учун интернетдаги маддоҳларни рағбатлантириш йўл ҳаракати назоратчиларини ёллаш каби оддий ишга айланди. Гарвард университетининг сўнгги тадқиқотларидан маълум бўлишича, Хитой ҳукумати интернетда йилига 448 миллион ёлғон хабар жойлаштиради. 43 800та ҳукуматпараст изоҳлар ўрганилганда улардан 99,3 фоизи турли ҳокимият идоралари хизматчилари томонидан ёзилгани маълум бўлган. Шунингдек, мадҳиялар асосан намойишлар ва партия йиғилишлари даврида ёзилган.

Қизиғи, уларнинг айримларинигина трол сифатида баҳолаш мумкин. Ношукрлар билан тортишиш ўрнига улар асосан эътиборини аросатда қолганларни ижобий хабарларга кўмиб ташлаш ёки суҳбат мавзуини жуда оқилона тарзда бошқа томонга буришга эътибор қаратишган. Айрим тажрибасизлари бу вазифани бошқа ишлардаги каби кулгили даражада ёмон уддалашган. 2014 йилнинг январида quartz.com нашри Гуанчжоудаги троллар жамоаси билан мунозарада ёлланган маддоҳлар тайёр саволларни кўчириб ёзишини аниқлади. Уларнинг барчаси битта гапни айтишган: «Таксилар олдингидан кўра анча тартибли бўлиб қолгандек туюляпти».

Икки йил аввал хитойлик ҳуқуқ фаоли Ай Вейвей исми ошкор этилмаган, 26 ёшли трол билан илғор методлар ёрдамида суҳбат қурган. Қиладиган иши ҳақида оиласи хабарсиз бўлган йигит айтишича, ўзи ўқийдиган фикрларнинг 10-20 фоизи «50 тийинлик жамоа» томонидан қолдирилган экан. Маълум бўлишича, улар битта форумда бир қанча сохта профиллар очиб, улар ўртасида мунозаралар ташкил қилишаркан. Шу тариқа энг ишонарли бир профил баҳсни ҳукумат фойдасига ишончли тарзда якунлаб бераркан. Яна бир тактика атайин одамларнинг ғашига тегиш бўлиб, жамоатчиликнинг ғазабини ҳокимият органларидан ўзи томон йўналтириш бўлар экан. «Баъзан менинг шахсиятим майда-майда бўлиб ташлангандек туюлади. Мен буни яхши ёки ёмон кўраман, деб айтолмайман. Бу шунчаки кундалик қилинадиган қўшимча иш ҳамда ҳар ой олинадиган қўшимча даромад. Шу холос», – дейди хитойлик трол.

Маълум бўлган миқдори: 300 минг ва 2 миллион орасида, асосан вақтинча ишлайдиганлардан иборат.

Асосий мавзулари: жуда яхши яшаш шароитлари, демократия, Тайван.

Россия

Доналд Трамп Твиттердан фойдалана бошлашидан анча илгари Россия ўзининг хориждаги «троллар фабрикаси» билан танилиб улгурган эди. Онлайн чатларга ҳужум қилаётган махфий ташвиқотчилар ҳақидаги айбловлар 2003 йилдаёқ пайдо бўлган бўлса, ҳукумат тасарруфидаги “Наши” ёшлар ҳаракати томонидан блогларга изоҳ ёзиш учун пул тўланаётганига оид маълумотлар 2012 йилда фош этилган эди. Лекин бизга маълум бўлган маълумотларнинг аксарияти 2013-2014 йиилларда ошкор бўлган Санкт Петербургдаги Интернет Тадқиқотлари Агентлиги (IRA: Internet Research Agency) компанияси билан боғлиқ. Мазкур компания Путиннинг рақибларига лой чаплаш учун троллар тайёрланган ҳамда маҳаллий ва халқаро миқёсда пул тўланган фирмалардан бири сифатида кўрилади.

2013 йилда бир гуруҳ хакерлар томонидан ошкор этилган ҳужжатларга кўра, компания Россия бўйлаб 600 дан ортиқ одамларни ишга ёллаган ва унинг йиллик бюджети 10 миллион долларга тенг бўлган бўлиб, ундан ярми нақд пул кўринишида тўланган. Ёлланган ходимлар кунига 50 та мақола ёзишлари лозим бўлган. Шахсий блоглари ва Фейсбукда 6 та аккаунтга эга бўлган кишилар камида учтадан пост қолдиришлари лозим бўлган. Твиттерда камида 10 та аккаунтга эга бўлиш ва уларда 50 марта твит қолдириш шарт бўлган. Ҳар бирида мақсад қилинган ўқувчилар (фолловерлар) сони ҳамда улар эришиши шарт бўлган ҳамфикрлар даражаси мавжуд бўлган.

Кейинроқ, Людмила Савчук исмли тадқиқотчи компанияга яширинча кириб, кўрганларини оммага ошкор қилди. Булар орасида мухолифат етакчиси Борис Немцовнинг ўлимидан кейин унинг шахсиятини қоралаш ва уни Путиннинг яқинлари томонидан эмас, ўз дўстлари томонидан ўлдирилганига оид ғояларни тарқатиш ҳам бор эди. «Мен елкаларим орасида ўқларни ҳис қилдим. Ўзимни деярли фош қилиб қўйганимдан жуда хафа эдим. Аммо мен (жосус) 007 эдим. Вазифани уддаладим», – дейди Савчук. Финляндиялик мухбир Жессика Аро 2014 йилда Интернет тадқиқотлари ҳақида ёзганда унинг ўзи таҳдидлар ва айбловлардан иборат қўрқитиш ҳужумларига нишон бўлди.

Тахмин қилганингиздек, аксарият рус троллари инглиз тилидаги форумларда тўғри ёзишни унчалик қойиллатишмайди. «Менимча, бутун дунё Украинага нима бўлишини тушуниб турибди. Фақатгина АҚШ ўзининг улкан режалари барбод бўлмаслиги учун унинг атрофида ўралашмоқда»,– деб ёзади рус ёлланма тролларидан бири (инглиз тилида бу жумла қуйидагича ифодаланган: «I think the whole world is realizing what will be with Ukraine, and only US keep on fuck around because of their great plans are doomed to failure». Изоҳ: Бу ерда «because of»нинг ўрнига «because» ишлатилиши лозим. – Тарж.). Guardianнинг модераторлари Украина ҳақидаги мақолалардан доимий далилларни пайқай бошлашди. Биз рўйхатдан ўтган санаси, хабар қолдирган вақти ва танлаётган мавзуларига қараб муайян фойдаланувчиларнинг шубҳали мулоҳазаларини текшира оламиз. Жон дили билан сепаратистларни инглиз тилида нотўғри ёзган ҳолда ҳимоя қилаётган, ўзларини ғарб давлатларидан, дея таништираётган изоҳлар кўп учрайди.

Маълум бўлган миқдори: бир қанча минг киши

Асосий мавзулари: Путин ва Трампни улуғлаш, мухолифатдагиларни коррупцияда айблаш, Россияга қарши НАТОнинг фитналари, Обаманинг хотинчалишлиги ва ҳоказо.

Исроил

Исроил давлати пайдо бўлибдики, Исроил жамоатчилиги уруш билан алоқадор. Яҳудийлар тилида бу «ҳасбара» дейилади (сўзма-сўз таржимаси – «тушунтириш») ва у мамлакат ҳамда ўз баҳоналари ҳақидаги дунё оммасининг фикрини яхшилаш билан шуғулланади. Шунинг учун 350тача Исроил онлайн каналлари мавжуд бўлиб, улар ижтимоий тармоқларни ҳам қамраб олган. Мисол учун, инглиз, яҳудий ва араб тилларидаги оммабоп Твиттер саҳифалари мавжудлигига қарамасдан, Исроил Қуролли кучлари ўзининг «Аскар ҳикоялари» ва «Исроил мудофаа кучлари» мавзуларидаги фото тўпламларни ўз ичига олган Пинтерест саҳифасига ҳам эга.

2013 йилда Исроил ҳукумати «махфий бўлинмалар»ни ҳам ишга солиши мумкинлиги ҳақида эълон қилди. Булар юқори билимли, кам даромадли ва ижтимоий тармоқлар билан танишлиги туфайли профессионал тролликка муносиб номзод бўлган халқаро қўллаб-қувватловчилар ва маҳаллий талабалар қоришмасидан иборат бўлиши мумкин. «Исроилда яшаш учун қай тариқа қонуний ҳаққимиз борлигини тушунтириш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Бу Исроилга қарши бойкот, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллашга чақираётган ҳаракатларни мағлуб этиш учун муҳим», – деган эди Кнессет аъзоси Дов Липман. Аъзо бўлганлар ҳукуматнинг маълумотлар омборига осонгина кириши ҳамда талабалар жамоаси етакчилари махсус грантлар олиши мумкин.

Шундай қилиб, келаси йилнинг ёзида Ғазода бўлган уруш давомида «Исроил ўт ичида» номли талабалар жамоаси Исроилни ҳимоя қилувчи даъватчилардан бири сифатида намоён бўлди. «Биз Фаластин пропагандасига қарши турамиз ва Исроилнинг нуқтаи назарини асослаб берамиз. Ижтимоий тармоқлар уруш давом этаётган иккинчи фронтдир. Ўз сўзимизни айтишимизнинг бошқа йўли бу», – деб айтган эди гуруҳ етакчиси Ярден бин Юсуф. «Исроил ўт ичида» гуруҳи махфий бўлинмалардан бирими-йўқми ёки бин Юсуф грантни қўлга киритганми-йўқми, бундан бехабармиз. Гуруҳнинг Фейсбукдаги саҳифаси ҳамон фаол.

Маълум бўлган миқдори: бир неча минг нафар.

Асосий мавзулари: Фаластин пропагандаси, Исроил қўшинларининг тинчликпарварлиги, Исроил ҳарбийларининг адолатпарварлиги ва ҳоказо.

Украина

Россияда троллар армияси бўлади-ю, Украинада бўлмасинми? Ана шундай мантиққа асосланиб, ўтган йилнинг февралида мамлакатнинг Ахборот сиёсати вазирлиги ижтимоий тармоқларда душманга қарши ахборот урушида кураш олиб бориш учун ўзининг интернетдаги армиясини ташкил қилиш режасини эълон қилди. Шу мақсадда i-army.org манзилида махсус саҳифа яратилди. «Мен рус ботлари ва ёлғон ахборотларига қарши самарали курш олиб боришимиз кераклиги ҳақида бир неча маротаба айтганман. Ўйлайманки, бу лойиҳа ҳақиқий ахборот тарқатиш ва Россиянинг ёлғон маълумотларини фош этишга тайёр бўлган кўплаб кўнгиллиларни тақдим этади», – дейди Украинанинг ахборот сиёсати вазири Юрий Стец.

Ҳозирча бу иш билан қанча украинлар шуғулланаётгани аниқ эмас. Кўнгиллилар қўшилиши мумкин бўлган i-army.org саҳифаси ўқувчиларни унчалик ҳам ўзига жалб қилолмайди. Саҳифа Россия ҳақидаги бўлмағур ва тартибсиз маълумотлардан иборат. Унда MH17 самолёти ҳалокатига боғлиқ маълумотлардан тортиб, Путиннинг педофиллигига оид ғарб матбуотининг далил-исботсиз айбловларини ҳам учратиш мумкин. Сайтнинг шиори: «Сени алдашларига йўл қўйма – ҳақиқатни тарқат!»

Гуруҳ фаолиятининг асосий белгиларнии унинг Твиттердаги саҳифасида кўриш мумкин. Твиттерда жуда фаол бўлган саҳифанинг 12 800 нафар ўқувчиси бўлиб, твитлари мунтазам равишда ўнлаб ёки юзлаб марта қайта улашиб (ретвит)  турилади. Саҳифанинг айрим обуначилари Украина можаросини мунтазам муҳокама қилишади, аммо рус ҳарбийларига тегишли қўлга олинган қуроллар тасвирлари, қуруқ сиёсий мулоҳазалар ва Россиянинг федерал захиралари ҳақидаги комик мемлардан иборат твитлари унчалик ҳам ишонарли эмас.

Блогнинг асосий саҳифасидаги фон тасвирида Ахборот сиёсати вазирлиги, айрим украинлар таъбири билан айтганда «Ҳақиқат вазирлиги» ҳақида билишни истаган ҳамма маълумотни топишингиз мумкин. Унда вазирликнинг рамзи туширилган туғни баланд кўтарганча Russian Today ва Россия 24 телеканаллари рамзларини беўхшов тарзда ушлаб олган фантастик троллар армиясига қарши жангга отланган, олижаноб оқ рицарлар тасвирланган. Украина муаммоси учун қанчалик куюнмайлик, мазкур низо украин пропагандасидан бошқачароқ ёндашувни талаб қилади.

Маълум бўлган миқдори: бир неча юз нафар.

Асосий мавзулари: Россия, Россия, Россия, Россия, Россия.

Буюк Британия

Ўтган йили янги ҳарбий бўлинма ташкил этилганда 77-бригаданинг «Твиттер жангчилари» ОАВ томонидан бироз нотўғри талқин қилинган эди. Аслида ижтимоий тармоқлар махсус тайёрланган аскарлар ёлланувчи, ҳарбийлаштирилмаган армиянинг бир намунаси эди. Аммо Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, жанг майдонида дезинформация тарғиботи билан шуғулланиш, ҳаттоки, уларнинг вақти бўлган тақдирда ҳам, аскарларнинг иши эмас.

JTRIG (Joint Threat Research Intelligence Group – Таҳдидларга қарши қўшма тадқиқот-қидирув гуруҳи) ана шундай иш билан шуғулланса ҳам сиз у ҳақида кўп ҳам эшитавермайсиз. Ҳақиқатдан, бу гуруҳнинг мавжудлиги Эдвард Сноудендаги ҳужжатлар Глен Гринвалд ва Эндрю Фишман томонидан 2014 йилда ошкор этилгунча давлат сири бўлиб келган. Фош этилган маълумотларга кўра, гуруҳ аъзолари Ҳукумат Ахборотлар Марказида (Буюк Британиянинг телефон қўнғироқлари ва радиотўлқинларни тинглаш билан шуғулланувчи разведка идораси) полиция ва Ички разведка хизмати(MI5)дан тортиб, болалар, мактаблар ва оилалар бўйича бошқарма ҳамда Англия банкигача ёрдам бериш билан шуғулланишган.

Гуруҳнинг вебсайтларга хакерлик ҳужумлари уюштириб, беҳаё тасвирлар жойлаштириш каби айрим фаолият усуллари жуда жўн жосуслик усулидан иборат бўлса, қолган ишлари одамлар онгига таъсир ўтказиш ва алдашдан иборат. Ошкор этилган ҳужжатлардан гуруҳнинг қуйидаги вазифаларини аниқлаш мумкин: «YouTube тармоғида ишонарли хабарларга тўла видеоклиплар жойлаштириш, Фейсбук ва Твиттерда сохта аккаунтлар яратиш, блог ва форумларда ёлғон номлар билан рўйхатдан ўтиш, бўлмағур маълумотлардан иборат э-маил ва шахсий хатлар жўнатиш, одамлар эътиборини тутуриқсиз хабарлар тарқатувчи сайтларга йўналтириш ва онлайн савдо билан шуғулланувчи аҳмоқона сайтлар ташкил этиш».

Булардан айримлари террорчилар ва жиноятчилардан одамларни чалғитиш учун анчагина жўяли ишлардек туюлиши мумкин. Гуруҳ одатда жамиятнинг ҳамма аъзоларини эмас, балки муайян синфга мансуб кишиларни нишонга олади. Мўлжал учун кимлар танланишининг қонунийлиги масаласи шубҳа туғдиради. Ҳужжатлардан Инглиз мудофаа лигаси ҳам гуруҳ нишонига айлангани англашилади. Шубҳа йўқки, лига аъзолари бундан мамнун бўлмаслиги тайин. Аммо Ҳукумат Ахборотлар Маркази бу ишларнинг барчаси қонуний эканлигини даъво қилган.

Маълум бўлган миқдори: бир неча ўн киши.

Асосий мавзулари: жинсий ҳаёт, гиёҳванд моддалар, Сурия.

Шимолий ва Жанубий Корея

Шимолий кореяликларнинг ижтимоий тармоқлардаги иштироки уларга хорижлик бирор кимса ёхуд ҳукумат расмийлари томонидан бирор қизиқиш уйғотилмагунча юзага келмайди. Фейсбук, Твиттер ва YouTube расман тўсиб қўйилган. Мамлакат аҳолисини интернетда назорат қилиш ҳақида ташвишланишга эҳтиёж йўқ. (Маълумотларга қараганда Шимолий Корея ўзининг миллий Фейсбук тармоғини ишга туширишни режалаштирган.) Чегаранинг шундоққина нариги тарафида жанубликларнинг қарийб ҳаммаси смартфонлар, KakaoTalk (Жанубий Кореяда энг оммабоп бўлган чат мессенжер) ва дунёдаги энг тезкор интернетга эга. 2013 йилда Жанубий Кореянинг мафкуравий органи Полиция сиёсати институти томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, жанубликларга қарши курашга ёлланган 200 нафар атрофида шимоллик троллар бор. Ҳисоботда айтилишича, 2012 йилда Шимолий Корея жосуслари интернетда жами 41,373 та пропаганда кўринишидаги маълумот жойлаштиришган.

Шимолий Кореядаги ғайриоддий режимга қараб, улар кўпни кўрган жанубликлар билан қандай гаплашишни яхши билишини тахмин қилиш қийин эмас. Ҳақиқатан, уларнинг тутган йўли, ҳисоботда айтилганидек, анчагина оқилона қарор. Шимолий кореяча анъанавий усулда одамларни ғайриоддий ва бўлмағур «чучхе» мафкураси пропагандаси билан эговлаш ўрнига, шимоллик троллар жанубликлар орасида энг баҳсталаб бўлган, шимол режимини олқишлайдиган (Жанубий Кореяда тақиқланган) сайтлардан тўсиқни олиб ташлаш каби мавзуларга эътибор қаратишади. Янги очилган аккаунтлар шубҳа уйғотишини билган шимоллик агентлар одатда жанубликлардан ўзлаштирилган номлар билан иш юритишади.

Дарҳақиқат, мазкур муаммо Жанубий Корея учун қарши ҳаракатлар қилиш лозим бўлган даражада жиддий хавф эди. Бир неча йиллардан бери мамлакатнинг Миллий разведка хизмати шимолдан келаётган қочқинларни назарда тутувчи айблов хабарлари тарқатиш билан мунтазам шуғулланиб келади. Баъзан айбловлар мухолиф партиялар томонига ҳам ўтиб кетади. Ўтган йили разведканинг собиқ раҳбари Вон Се Ҳун Пак Кин Ҳенинг фойдасига 2012 йилги президент сайловлари натижасига таъсир ўтказишга уринишда айбланди. Айбловга кўра, Вон Се Ҳун ташкил этган 9 нафар агентдан иборат жамоа аъзолари Твиттерда камида 658 та аккаунтдан фойдаланиб, Шимолий Кореяни обрўсизлантиришга қаратилган кўп минглаб твитлар ёзишган ва айни пайтда Пак Кин Ҳенинг рақибларини «шимолпараст»ликда айбловчи 274 800 та хабар қолдиришган.

Маълум бўлган миқдори: шимолда 200 нафар, жанубда 9 нафар.

Асосий мавзулари: Шимолий Корея нақ жаннат (шимоллик агентлар) ёки жаҳаннам (жанублик агентлар).

Туркия

Президент Эрдўғон учун 2013 йилги Гези хиёбони намойишлари яхшигина дарс бўлди. Эрдўғон ижтимоий тармоқларни назоратга олди. Йил охирига қадар ҳукумат 6 минг кишидан иборат троллар армияни ёллашни бошлаб юборди. «Биз ўз кўнгилли аскарларимизга ўргатаётган ижобий сиёсий қарашларни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Мухолифлар партиямиз ҳақида дезинформация тарқатишни бошласа, биз уларни ҳақиқий ахборот билан тузатамиз», – деб айтган эди Адолат ва тараққиёт партияси вакили Wall Street Journalга берган интервьюсида. Аммо у ҳақида очиқ гапирилмайди. Ёлғон ахборотларни тузатадиган кишиларнинг кимлиги ҳақида сўралганда партия буни маълум қилмаган.

Аммо уларнинг янгича кўнгиллилар армияси анчагина қизиққон, таъбир жоиз бўлса, тажрибасиз эканлигини кўрсатиб қўйди. Дастлабки ойларданоқ ҳукуматни жиндай танқид қилиб қўйган кишилар ҳам ҳукумат ҳақидаги ижобий изоҳлар ёмғири остида қолиб кетишди. Кўпинча, унчалик ишончли бўлмаган профиллар нафақат ғайриоддий, балки ғайритабиий тарзда ўхшаш айбловлар ва ҳақоратларга кўмиб ташланди.

Айни пайтда, «Партия троллари» номини олган гуруҳ аъзолари ёлғон маълумотлар ҳам тарқатишди. 2014 йилнинг июль ойида Эркун Ўгур исмли қўшиқчига нисбат берилган сохта аккаунт иш бошлагани ошкор бўлди. Қалбаки аккаунтдан разведка хизмати ҳақида баҳсли твитлар ёзиш учун фойдаланилди. Сўнгра унинг концертини бекор қилган Сакарядаги партия раҳбарияти ҳақидаги «ўз твитлари» устидан шикоят қилди. Кейинроқ Эрдўғоннинг қизи Сумайя яқинларидан биридан гўёки троллар армияси ёрдамини сўрагани даъво қилинган аудио ёзувлар тарқалди. 2014 йил баҳорида Эрдўғонни коррупцияда айбловчи ёзувлар тарқалиши ортидан Твиттер тўсиб қўйилди.

Ўтган йилнинг баҳорида умумий сайловлар олдидан «Янги Туркия Ахборот идораси» ташкил этилди. Турк ҳукумати расмийси Бесир Аталай матбуотга шундай интервью берди: «Бизга қарашли аккаунтларнинг барчаси оммага ошкор этилади. Эълон қилинадиган маълумотлар партия офисида белгилаб берилади. Бошқа ҳеч қандай аккаунтлар, жумладан, ҳеч қайси троллар бизга алоқадор эмас». Партия сайловларда ўз ўрнининг катта қисмини йўқотди, аммо кейинроқ яна қайтариб олишга эришди.

Маълум бўлган миқдори: тахминан 6 минг нафар.

Асосий мавзулари: курдларга қарши туриш, Россияга қарши туриш, арабларга қарши туриш, Исроилга қарши туриш ва ҳоказо.

Лео Бенедикт

theguardian.com сайтидан олинди