Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ашраф Ғани Ўзбекистонга нима мақсадда келмоқда?
30.11.2017 10:18,  
8

Шу йилнинг 4 декабрь куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ўзбекистонга ташриф буюради. Икки мамлакат ўртасида ўзаро муносабатларни ривожлантиришга доир қадамлар 29 ноябр куни қўйилди — шу куни Афғонистон пойтахти Қобул шаҳридан илк самолёт тўғридан-тўғри Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди.

Ушбу ташрифдан мақсад нима? Афғонистон томон қандай таклифлар билдиради? Ўзбекистонни режалари қандай? Бу ҳақда экспертлар билдирган фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Илиқлашув бор, лекин тўсиқлар ҳам йўқ эмас…

Сиёсатшунос Муҳаммаджон Қодировга кўра, бу ташриф асносида Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида яқин қўшничилик муносабатларининг янада илиқлашиши кутилмоқда. Бир вақтнинг ўзида бу иккала давлат ўртасидаги муносабатларда айрим тўсиқлар бўлиши ҳам мумкин.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб фаолият кўрсатган Қодировга кўра, Афғонистонда иқтисодда, маънавий ҳаётда давлатнинг ўрни анчайин пастлиги, Ўзбекистонда эса аксинча, ушбу соҳаларда давлат муҳим рол ўйнаши, иккала давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги тўлақонли амалга оширилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Чунки, тижоратда эркинликка кўниккан афғонларга Ўзбекистондаги тижорат ва хусусий тадбиркорлик борасидаги тартиб-қоидалар, меъёрлар ёқмаслиги мумкин.

Савдо-сотиқ, конлар ва ТАПИ

Эксперт фикрича, иккала давлатнинг бугунги кунда ўзаро манфаатдор бўлган соҳалари талайгина. Бу, авваламбор, афғон томонини қизиқтираётган савдо-сотиқ соҳаси. Афғонистон ўз товарлари бозорини кенгайтириш билан бир вақтда, ўзбек товарлари билан жаҳон майдонида совдо қилишга қизиқиш билдириши мумкин.

Бунда ташқари, Афғонистонда бугунги кунгача фойдаланилмаётган темир рудаси, мис конларининг мавжудлиги уларни ушбу соҳада Ўзбекистон билан музокаралар олиб боришга ундаши мумкин.

Исмини ошкор этишни хоҳламаган яна бир эксперт эса Афғонистон президентини қизиқтирган бош масала бу — CASA-1000 (Афғонистон, Покистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларини ўзида мужассам қилган энергетик лойиҳа) ва  (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) трансмиллий газ қувури лойиҳаларига Ўзбекистон томонини жалб этиш, деган фикрни билдирди.

Мазкур лойиҳалар Афғонистонни минтақадаги энергетика тизимидаги бош бўғинга айлантиради. Ўзбекистон Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг мазкур таклифига қизиқиш билдириши мумкин, дея тахмин қилди эксперт.

Эксперт Қодиров икки давлат энергетика, темир йўл қурилиши соҳаларида музокаралар ўтказиши, Афғон томони Ўзбекистонда яхши ривожланган саноат соҳасини ривожлантиришда ёрдам сўраши мумкинлигини қайд этди.

Мутахассисга кўра қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик борасида қандайдир музокаралар уюштирилишига шубҳа бор.

Афғонистонда қишлоқ хўжалиги хусусий қўллардалиги, бунда давлатнинг ўрни деярли йўқлиги сабабли, Афғон ҳукумати бу борада йирик таклифлар киритмайди. Шунга қарамай, Ўзбекистон томони ловия, мош каби дуккакли экинлар, гўшт харид қилиш борасида таклифлар киритиши мумкилигини билдирди.

Хавфсизлик масалалари нима бўлади?

Албатта, бу ерда барчани хавфсизлик масалалари қизиқтирмоқда. Сиёсатшунос Қодировга кўра, Афғонистондаги тинчлик миссиясини бажараётган АҚШ ҳарбийлари вазиятни барқарор сақлаб тура олади.

Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолиши ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг 72-сессиясида сўзлаган нутқида алоҳида таъкидлаган эди.

Мирзиёев Афғонистонда тинчликка эришиш учун марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилиши тарафдори эканлигини маълум қилганди.

"Бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим", — деб фикр билдирган Мирзиёев қанчалик ҳақ бўлганини вақт, албатта, кўрсатади.

Чунки, ҳар қандай ташқи кучлар аралашувига қарамасдан, орадан маълум вақт ўтиб, Афғонистон масаласи барибир шу минтақада жойлашган мамлакатлар зиммасига тушиши аниқ. Шундай экан, нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги барча мамлакатлар Афғонистон бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, унинг иқтисодий тикланиши, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, худди Ўзбекистон сингари киришишлари лозим, чунки бу нафақат Афғонистон, балки минтақадаги ҳар бир давлат тараққиёти гаровидир, деб ўз фикрини якунлади Қодиров.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан