Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги андижонлик сўконғич ҳокимни танқид қилди

01.12.2017 | Жамият | 3187

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Андижон шаҳар ҳокимини танқид остига олди. Эслатиб ўтамиз, илгарироқ ижтимоий тармоқлар, интернет-нашрларда Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев таълим муассасалари раҳбарларини ҳақорат қилаётгани ёзилган аудио кенг тарқалган эди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) "Раҳбар юксак маънавиятли, ҳар бир ишда барчага ибрат бўлиши керак" деган сарлавҳали мақолада муштумзўр ҳоким ҳаракатларига муносабат билдирган.

Мақолада ўзбек халқи азалдан ўзининг бунёдкорлиги, юксак маънавияти, одоб-ахлоқи, меҳр-оқибати билан шуҳрат қозонгани, айниқса, Андижон ва андижонликлар ҳақида сўз кетганда, юксак маданиятли, хушмуомала ва меҳмондўст инсонлар гавдаланиши қайд этилган.

Шу билан бирга, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон шаҳар ҳокимининг таълим муассасалари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ўзини тутиши, ҳақоратлардан иборат гап-сўзлари, агар бу хабарлар рост бўлса, унинг нафақат ҳоким, балки оддий инсон сифатида маънавиятга муносабатини кўрсатиб бергани қўшимча қилинган.

Нашр, жорий йил 15 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарларнинг бурчи, масъулияти ва маънавияти масаласига алоҳида эътибор қаратганини эслатиб ўтган ва Ўзбекистон раҳбарининг раҳбар қандай бўлиши зарур деган сўзларидан иқтибос келтирган:

"Иш юзасидан талабчанлик қилиш бошқа, одамларнинг шахсиятига тегиш бутунлай бошқа нарса. Одамлар иш юзасидан сизга бўйсуниши мумкин, бошқа ҳар қандай масалада сиз билан теппа-тенг ҳуқуққа эга эканини асло эсдан чиқарманг….Барчамиз яхши биламиз, халқимиз ориятли, номусли халқ. Халқимиз барча нарсага чидаши мумкин, лекин такрор-такрор айтаман, адолатсизлик ва ноҳақликка чидай олмайди. Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарур".