Салкам 15 минг долларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

04.12.2017 | Иқтисод | 2739

2017 йил 20 ноябр куни Самарқанд аэропортидан умумий ҳажми 120 миллион сўмдан ортиқ валютани яширинча йўл билан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс қўлга олинди, деб хабар қилди Самарқанд вилояти божхона бошқармаси матбуот-хизмати.

""Самарқанд-Санкт-Петербург" авиарейси билан учиб кетаётган йўловчилардан бири самарқандлик М.Хайдаров (исм-шарифи ўзгартирилган) шахсий кўрикдан ўтказилганда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровлар вақтида маълум қилинмаган жуда кўп миқдордаги яъни, 9420 АҚШ доллари ва 325 880 Россия рублини багаж сумкасининг ичидаги кўк рангли эркаклар спорт кийимига ўралган қора рангли "Jeep Buluo" номли қўл сумкасига бекитганча олиб ўтишга урингани аниқланди", — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Самарқанд бўлимининг экспертиза далолатномасига кўра, фуқаро М.Хайдаровдан олинган Россия рубли ва АҚШ доллари банкноталари ҳақиқий деб кўрсатилган, олинган чет эл валюталарининг умумий миқдори 120 млн. 417 минг 120 сўм 60 тийинни ташкил этган.

Ҳозирда, мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси фуқароси М. Хайдаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг 240-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси олиб кирилиши ва олиб чиқилиши устидан назорат жисмоний шахслар божхона чегарасини кесиб ўтаётганда божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат этилади.