Прокуратура Андижон шаҳар ҳокими ҳаракати юзасидан текшириш ўтказмоқда

06.12.2017 | Жамият | 2522

Андижон вилоят прокуратураси томонидан халқ депутатлари Кенгашига шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида тақдимнома киритилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.

"Андижон шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши раиси Д.Раҳматуллаев жорий йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш ўтказилмоқда", дейилади матбуот хизмати хабарида.

Хабарда айтилишича, Д.Раҳматуллаевнинг ҳаракатларида суд тартибида кўриб чиқилиши лозим бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлигини инобатга олган ҳолда, Андижон вилоят прокуратураси томонидан халқ депутатлари Кенгашига Д.Раҳматуллаевни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида тақдимнома киритилган.

Ҳозирги кунда мазкур тақдимнома Кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ҳокимининг шаҳардаги қатор таълим муассасалари раҳбарларини ҳақорат қилганлиги ёзиб олинган аудиоёзув интернетда кенг тарқалиб кетган ва муҳокамаларга сабаб бўлганди.