Қримда Самарқанддан тарихий буюмларни олиб келган аёл жавобгарликка тортилди

06.12.2017 | Ўзбекистон | 2511

Қрим божхонаси ходимлари контейнерлардан бирини кўздан кечириш чоғида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган араб ёзувида битилган 29 қўлёзма ва 16 қадимий сопол буюмлар борлигини аниқлашди.  Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Билдирилишича, ушбу буюмларни 45 ёшли маҳаллий аёл олиб киришга уринган. Унинг ёнида маданий бойликларни олиб кириш учун рухсатнома ва бу буюмлар айнан ушбу аёлга тегишли эканлилиги ҳақида  тегишли ҳужжат бўлмаган.

Бу эса унинг Ўзбекистондаги тегишли органлар рухсатисиз ва тегишли божхона ҳужжатларисиз юк контейнерини Россияга юборганини билдиради.

Суд-санъатшунослик экспертизасининг хулосасига кўра, 3 дона сопол буюм тарихий-маданий бойлик ҳисобланиб, улар ўрта асрларда Самарқанд кулоллари томонидан тайёрланган. Уларнинг бозордаги қиймати 800 минг рублдан (13500 доллар) ортиқроқ туради.

Қрим транспорт прокуратураси томонидан аёлга нисбатан айблов хулосаси тасдиқланди ва жиноят иши кўриб чиқиш учун Симфереполь шаҳридаги Железнодорожний тумани судига юборилди.