Ўзбек тўйлари

07.12.2017 | Блог | 2349

Тўй инсоннинг ҳаётидаги энг бахтиёр онларидан бири ҳисобланади. Янги ҳаётнинг эшиги хам, бахтнинг калити хам, чин севги нафаси хам шу кундан бошланади.

Азал – азалдан ўзбек тўйлари ўзининг ранг-баранглиги, антиқа удумлари билан бошқа халқ вакилларининг қизиқишига сабаб бўлган.Топган тутганини тўйга деб асрайди ўзбек.

Ўзбек кино-хазиналаридан бири ҳисобланган «Маҳаллада дув-дув гап»нинг қаҳрамони томонидан шундай сўзлар жаранглайди: «Агар артистларни овози етти маҳаллага эшитилмаса мендан бир сўм хам олишолмайди». 

Ха! Бутун маҳаллага дув-дув бўлган хам ўзбек тўйлари! Неча йиллар ўтибдики тўйларимиздаги бу дабдаба ортгандан ортяптики асло камайгани йўқ. Лекин бу ҳолат хар доим хам қувонадиган натижаларни бермаётганига гувоҳ бўламиз. Шу оддий аҳамиятга эга бўлмаган нарсалар хам инсон ҳаётини издан чиқариши, унинг бахтга эришишига тўсиқ бўлиши бу албатта ачинарли хол. Инсон нима учун яшайди? Бутун умр йиғганини, пешона тери билан топганини бир кунда сафар қилиш учунми? Ахир бахтнинг калити бунда эмаску!

Ширин ҳаётни орзу қиласиз, тўйдан кейинги ҳаётингиз рисоладагидек бўлишини хоҳлайсиз. Тўйга кетган сарф – харажатни қарзини тўлаш билан ўтишини эмас тўғрими? Кеча бир қизни тўйи бузилибди, бугун бир йигитнинг онасига келин олиб келган сарпоси ёқмасдан тўй қайтарилибди деган гаплар охирги кунларда одатий тусга айланди. Шундай эмасми? Куёв томон келин тарафга солиқ солаётганига, мебели чет элники бўлсин, гиламлар фалон фирманики бўлсин дейилаётганига гувоҳ бўламиз. Бечора ота – она нима қилсин? Яна хам ачинарлиси арзимас нарсалар инсон ҳаётини, унинг тақдирини белгилайди. Баъзида кўчада хар-хил инсонни этини жимирлатадиган бундай гаплар қулоққа чалинади. Яқинда бир воқеадан ҳайратга тушдим...

Эндигина элликка кирган яхши бир амаки ўлиб қолди. Ичагида яраси бор экан. Шу очилиб кетибди. Аммо бу одамни ўлдирадиган дард эмас. Ҳар-қалай, қолоқ бўлса ҳам тиббиётимизнинг бунга ақли етади. Бироқ марҳум шифохонага бормаган.

- Нега шифохонага олиб бормадинглар? – дедим ҳайрон бўлиб.

Аёли ерга қарайди. Болалари онасига хўмраяди. Бир амаллаб масаланинг тагига етдим.

Амаки яқинда набирали бўлибди. Тўнғич қизи ўғилли бўлиб, шунга бешик тўйи олиб бориши керак экан.”Бешик тўйи”нинг харажати катта эмиш. «Агар мен касалхонага тушиб қолсам тўй беролмай қоламиз» деб ота шўрлик шифохонага бормаган ва бир ҳафта қон туфлаб юраверган.

-Бир неча марта айтдим, лекин хар сафар: «Қудаларнинг олдида уятли бўлиб қоламиз, қизингизнинг кўнгли ўксийди», деб бормадилар, - дейди аёли.

Хуллас, шу одам ўлди. Бир тийинга қиммат анъанани, бемаврид ғурурни деб ўлиб кетди.

Муҳтарам ўзбеклар, тўйлар фожиасидан қачон қутилади? Қачон эс киради бизга? Биз қачон тонналаб гуруч дамлаб тўй қилишнинг фазилат эмаслигини тушунамиз?

Ажабо, бир аср илгари Беҳбудий ҳазрат хам худди шундай нольиб ёзган эканлар. Орадан 100 йил ўтибди хамки, ҳамон ўша «қўшиқ».

Хулоса ўрнида шуни айтишни жоиз кўрдикки, инсон бахтини ўз қўллари билан яратади. Зеро, уни поймол қилиш хам ўзининг қўлидадир.

Наманган давлат университети, ижтимоий-иқтисодий факультети тарих йўналиши 67-16 гуруҳ талабаси Комилова Офтобой