Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича мулоқотнинг янги шаклини жорий этади

12.12.2017 | Таҳлил | 2357

2017 йил 11 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Кoмилов БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий марказ ташаббуси ва БМТ Афғонистонга ёрдам миссияси кўмаги билан Ашхабод шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё ва Афғонистон ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этди.

Учрашув қатнашчилари томонидан минтақавий сиёсат ва хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига билан 4 — 6 декабрь кунлари мамлакатга Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг расмий ташрифининг самарали якунлари тўғрисида иштирокчиларни хабардор қилди.

Учрашувда Ўзбекистон анъанавий тарзда Афғонистонга нисбатан ўзаро ҳурмат, тенглик ва манфаатларни инобатга олиш тамойилига асосланган дўстлик сиёсатини олиб бориши ва Афғонистон халқи томонидан сайланган ҳукуматни қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Учрашувда "Марказий Осиё мамлакатлари — Афғонистон" (C5+1) янги консултатив форматини яратиш ташаббуси қўллаб-қувватланди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

Ушбу формат минтақавий масалаларнинг бутун мажмуасини муҳокама қилишда ҳамда БМТ кўмагида тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича биргаликда замонавий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун самарали платформа бўлиши кутилмоқда.

Учрашувда БМТ Бош котибининг махсус вакили, МОПДММ раҳбари Наталя Герман ҳам иштирок этди.