Афғонистоннинг Жузжон вилояти Дарзоб туманида, Туркманистон чегарасига яқин ҳудудда ИШИД томонидан ёлланган 300 га яқин ёш жангари тайёргарлик ўтамоқда. Бу ҳақда, Pajhwok агентлигига асосланиб, EADaily хабар бермоқда.
Туман раҳбари Боз Муҳаммад Давор Мўғул қишлоғида террорчиларнинг етакчилари катта йиғилиш ўтказиб, кўплаб янги жангарилар ёллаганини маълум қилди.
Даворнинг маълумотига қараганда, ИШИД асосан 20 ёшгача бўлган ёшларни ёллаб, уларга 30–40 минг афғоний (434–580 доллар) ойлик маош тўлайди. Машғулотлардан сўнг улар Афғонистон ҳарбийларига қарши курашга йўлланади.
Дарзоб тумани Жузжон маркази Шибирғондан 105 километр нарида жойлашган. Вилоят ҳудудининг катта қисми ИШИД назорати остида.