99 нафар малакали шифокор хориждан Ўзбекистонга қайтиб келган

13.12.2017 | Тиббиёт | 2665

Хорижда ишлаётган 99 нафар ўзбекистонлик шифокорлар юртимизга қайтиб келиб, халққа хизмат қилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизматининг 12 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган мамлакат тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш хабарида қайд этилди.

Хабарда ёзилишича, жорий йилда оилавий поликлиникалар 793 тага кўпайди. Туну кун фаолияти кўрсатадиган 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларда тез тиббий ёрдам шаҳобчаси ҳамда кундузги стационарлар очилди. Оналар ўлими 19дан 18,2га тушди. Сил билан касалланиш кескин камайди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳудудларга 2407 марта чиқди.

Тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсади учун 49,3 миллиард сўм, яъни 2 баробар кўп маблағ ажратилди.

Олий маълумотли шифокорлар тайёрлаш учун қабул квоталари сони 3445 тага етказилди, шундан 1180таси мақсадли ҳудудий квотадир. Клиник ординатурада тайёрлаш бўйича ҳам квоталар оширилди.

Тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар натижасида ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайди; солиқ ва божхона имтиёзлари 2022 йилга қадар узайтирилди; “Асака” банки ҳузурида “Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилди, хусусий тиббиёт муассасалари сони 400 тага кўпайди. Айни пайтда давлатга қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди.

Давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағ миқдори 821 миллиард сўмни ташкил этди.