«Рўмолингизни бошқача ўранг...»

13.12.2017 | Жамият | 6612

Концертга ташриф буюрганлар кўп. Ўзаро суҳбатлашишган, кулишишган, ҳовлиқишган, бир-бирларини излаётган одамларга қараб кайфиятинг кўтарилади. Сен ҳам мана шу одамлар орасига сингиб кетасан. Туртиниб, сиқилишиб, ичингда бир ўзгача ҳаяжон билан одимлайсан. Аммо кутилмаганда айрим ишлар бўлади-ки, тарвузинг қўлтиғингдан тушади, ақлинг шошиб, нима қиларингни билмай қоласан...

Гап шундаки, ўша кунги концертга ташриф буюраётган одамларнинг чиптасини текшираётган ИИБ ходимларидан бири рафиқамнинг рўмол (ҳижоб)да эканлигидан ҳайратланди ва деди: “Рўмолингизни бошқача ўраб киринг илтимос, тушунасиз-ку, ҳозир замон нозик...”.

Вазиятни билиш мақсадида ИИБ вакилига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани сўзлаб бердим. У ҳайрон қолди. “Бизда бундай чора-тадбирлар белгиланмаган, барчаси рисоладагидек. Ҳижобда юрган аёлларнинг барча қатори тенг ҳақ-ҳуқуқи бор. Улар концертга тушишмасин, деган гап йўқ”, деди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Чунки бир кун олдин рафиқаси билан концертга тушган дўстимга ҳеч ким, ҳеч нарса демаган, ҳолбуки, унинг рафиқаси ҳам ҳижобда эди.

Ўша куни рафиқамнинг, қолаверса, ўзимнинг ҳам таъбим хира бўлгани ва бундай кайфиятда концерт томоша қилиб бўлмаслиги учун унга кирмадим... Бир ходимнинг шахсий принципларигами, ишининг моҳиятига тушунмайми ёки биз билмаган ҳолатлар юзасиданми ҳижоб борасида қилган иши ҳам қизиқ, ҳам кулгили туюлди.

Бу агар давлат томонидан, тегишли қонунлар асосида тақиқланганда-ку, майли эди. Аммо, ўзи билганича, “ҳижобли-ми, демак қараш керак, текшириш керак”, деган тушунча билан ишлаётган айрим ИИБ ходимларининг иши кишини ўйлантиради...

Kun.uz сайтидан олинди