Пора олаётиб ушланган мансабдорнинг хонасидан яна 10,5 млн сўм чиқди

13.12.2017 | Жамият | 3695

Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тиббиёт ходимлари ва фармацевтлар малакасини ошириш Республика марказининг Фарғона вилояти филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарини порахўрликда гумонлаб қўлга олишди.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи аёл МХХ ҳудудий бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, филиал директорининг ўринбосари Маҳмуда Қодирова ундан 2 миллион сўм талаб қилаётганини билдирган.

"У бу пуллар эвазига ўқув курсларига келиш муддатини ўзгартириб бериш ҳамда аёлнинг машғулотларда бўлмаслик ҳолатларини билдирмасликка ваъда берган. Тезкор ходимлар махсус амалиёт ўтказишди ва Қодировани сўралган пулни олаётганида ашёвий далил билан қўлга олишди", — деди МХХ вакили.

Унинг хизмат хонасини кўздан кечирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари яна 10,5 миллион сўмни топишди. У бу пуллар қаердан келганини изоҳлаб бера олмади. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари бу пуллар кимдан олинганини аниқлашмоқда.

Маҳмуда Қодировага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноий иш қўзғатилди.