Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Пойабзаллар ичидаги йиртиқ пайпоқлар». Кўзбўямачилик, тадбирбозлик ва маддоҳлик ҳақида
19.12.2017 10:34,  
34

Бир йилдирки мамлакатимизда жиддий ислоҳотлар бошланди. Номигагина, кўзбўямачилик учун эмас, ҳақиқатда ислоҳ қилиш учун, халқнинг юкини енгил қилишга, мажруҳланган иқтисодиётни соғломлаштириш, уни оёққа турғизишга қаратилган ислоҳотлар...

Буларни амалга ошириш учун отнинг калласидек юрак, тинимсиз шижоат ва теран заковат лозим. Шукрки, буларнинг барчаси ислоҳотлар ташаббускори бўлган давлат раҳбарида мужассам. Аммо қарс икки қўлдан чиқади. Ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш учун асосий ижрочилардан, энг аввало, бу ислоҳотларни жиддий қабул қилиш, кўп марта таъкидлайдиганим, бир ишни амалга оширишда «болта билан» эмас, аксинча ақл билан иш кўришга ўрганиш талаб этилади.

Аввалги таҳлилий мақолаларимда бугун президент қўйган мақсадларга эришишда тўғаноқ бўлаётган омилларга тўхталгандим. Ушбу мақолада тараққиётдан оғдираётган қусурларимизнинг баъзиларига тўхталишга аҳд қилдим. Мақолада ўзим бевосита гувоҳи бўлган ҳолатлар тилга олинади, аммо ахлоқ нуқтаи назаридан ва масала аслида шахсий муаммолар эмас, умуммиллий изтироб эканлиги боис, ҳодиса иштирокчиларининг исми шарифи ва лавозимини тилга олмайман.

Нарцизм

Қадим юнон афсоналарига кўра шаҳзода Нарцисс чиройда тенгсиз, аммо аёллар қалбини ранжитадиган, туйғусиз кимса бўлган экан. Унинг дилозорликлари сабаб муҳаббат маъбудаси уни дуоибад қилади. Натижада унинг қалбида ишқ ниш уради. Аммо у бошқа бировнимас, сувнинг бўйида юзини чаяётиб, ўз чиройига ошиқ бўлиб қолади. Ўзини севади. Ўзини мадҳ қилади. Алал-оқибат ўзининг ҳажрида куйиб ўлиб кетади. Шундан буён ўзига мафтунлар борки, барчасига: «Нарцисс касаллиги билан касалланган», деган ташхис қўйилади.

Надоматки, бугун атрофимизга, жамиятга назар солсак, телеканалларимизни кузатсак, марказий нашрларимизни ўқисак, биз ҳақиқатда нарцизм касаллигига дучор бўлганимизни кўрамиз. Ҳануз ўзимизга маҳлиё бўлиш, ўз тарихимиз билан фақатгина ғурурланиш, ўзимизни мадҳ этиш, сохта обрў орттириш билан бандмиз.

Маҳаллий ижро ҳокимиятдаги йиғилишларда иштирок этишдан-ку ортиқ азоб йўқ. Деярли барчаси бир хил концепцияда ўтади. Президент танқид қилган соҳалар аёвсиз танқидбозлик кампаниясига айлантирилади, топшириқлар бир хилда берилади: «Қандай бўлмасин бажарилсин!»

Бошқа муаммолар гапирилмайди, кечаги сиёсатда йўл қўйилган баъзи камчиликлар виждонсизча, кўр-кўрона қораланади ва ўтмишнинг елкасига ортилади.

Тўхтанг, жаноблар,  сизга нима бўлаяпти? Агар президент ўтган даврда йўл қўйилган камчиликларни тилга олган бўлса, айнан қаерда хато қилинганини, нима сабабдан шундай бўлганини билгани учун, ўз вақтида шахсан буларнинг олдини олишга ҳаракат қилгани, аммо унга бу имконни беришмагани учун ҳақли равишда танқид қилаяпти. Сизлар-чи?

Кеча ҳам айнан жойларда Сиз ҳоким, Сиз депутат, Сиз асосий ижрочи эдингиз! Бевосита Сиз жойларда бу муаммоларни келиб чиқишига сабабчи эдингиз. Эскича ўрганганингиз каби тўрачиликни давом эттиришга, фақат айтилганни қилишга, уни ҳам ўзингиз истаганингизча амалга оширишда давом этишга имкон йўқ бугун.

Давр ўзгаргани Сизга ўзингизни Президентга яхши кўрсатиш учун ўтмишга тош отишга, маддоҳликни келган жойидан давом эттиришга ҳуқуқ бермайди. Шу ўринда маддоҳлар хусусида пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифини ёдингизга солмоқчиман: «Тиллари асалдан ҳам ширин, қалблари эса бўриларники кабидир». Бу сўзлар айнан Сиз ҳақингизда айтилгандир!

Тадбирбозликдан қачон қутуламиз?

Негадир қуйи маҳаллий ҳокимият органларининг ҳисобот ва фаолиятларига назар солсангиз, нуқул тадбирбозликка дуч келасиз. Гўёки исталган муаммо битта тадбир ташкил этилиб ўтказилса, ўтиб кетадигандек. Муаммо ҳал бўладигандек.

Жаноблар, сиз масъул ҳудудда одамлар йод танқислиги, оз фоизда бўлса-да, тўйиб овқатланмаслик, сил (туберкулёз)дан азият чекаётир. Ҳомиладор қизларимиз, оналаримиздаги камқонлик кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Худо берган қобилият билан элга хизмат қилиб келган журналист ойлигига куни ўтмаганидан Россия ёки Туркияга мардикорликка кетаяпти... Хўш, бу муаммоларга Сиз зўр бериб ўтказаётган тадбирларда ечим топилармикин?!

Нафсиламрини айтганда, ёшлар орасидаги жиноятчилик сонининг ошиши, битта бўлса ҳам диний-радикал ғоялар таъсирига тушиб қолиши, коллеж қизларининг кўчада муштлашиши, «шўхлиги» ортидан исталмаган ҳолатда ҳомила бўлиб қолиб чиқиндихонага фарзандини ташлаб кетишлар, буларнинг ҳеч бири Сиз ўтказаётган тадбирлар билан ҳал бўлмайди. Тадбирларнинг сони билан эмас, унинг натижаси билан қизиқиш кераклигини қачон тушуниб етамиз?! Ўтказилаётган тадбирнинг натижасини баҳолаш тизими яратилмас экан бу муаммо ҳеч қачон ҳал бўлмайди. Сохта тадбирбозлик нарцизмдан ўзга нарса эмас!

Сохта обрў изидан қувиш...

Яқинда Тошкент вилоятида ташкил этилган янги маъмурий ҳудудлардан бирида жойлашган «Мурувват уйи»да савобталаб бир акамиз кимлигини маълум қилмасдан ўша ердаги қарияларга ош беришга, мурувват уйига совға-саломлар улашишга қарор қилганини айтиб қолди. Тадбир тартибли ва кўнгилдагидек ўтиши учун икки нафар ёрдамчисини юборди.

Аммо бу ҳақда хабар топган маҳаллий ҳокимият органи марказий телеканалдан бутун бошли ижодий гуруҳни чақиртириб, гўёки бу тадбирини янги шаҳарчанинг янги ҳокими ташкиллаштиргани ҳақида лавҳа тайёрлаттирди. Одамларни алдаш мумкиндир, аммо Худони алдаб бўлмайди.

Ачинарлиси, тадбирнинг сохта ташкилотчиси — ҳоким тўра соат 12да бошланиши керак бўлган тадбирга бир соату йигирма дақиқа кечикиб келади. Бунгача эса айтилган вақтга тайёр бўлган ош мажбуран суздирилмайди (сузилганида шовладан баттар ҳолда эди), ногирон ва ёрдамга муҳтож қарияларга бир соату йигирма дақиқа олдига қўйилган неъматлардан тановул қилишига йўл қўйилмайди. Менинг назаримда, бу cохта обрў орттириш илинжида қилинган энг манфур ҳаракатдир.

«Эгаси фахрланаётган қанчадан-қанча башанг пойабзаллар ичида йиртиқ пайпоқлар бор», — деганида Суқрот қанчалар ҳақлигига иймон келтирасан киши. Мансабдорнинг сохтакорлиги халқдан олдин, энг аввало, унга шу мансабни ишониб топширган Давлатнинг тузини еб тузлиғига тупуришдан бошқа нарса эмас!

Бугун яхши кўриниш даври ўтди. Яхши ишлаш вақти келди. Муаммоларни гўёки ҳал қилишга уриниш эмас, амалда ҳал қилиш пайти келди.

Президентни тушуниш шунчалар қийинми?

Наҳотки Сиз ҳануз эйфорияда яшаяпсиз? Бугунги кун, Президент ва халқ муаммолар билан мужодала этаётган қизғин бир паллада нега иккиланаяпсизлар?! Давлат раҳбари ишга муносабатни ўзгартиринг демоқда! Нега Сиз буни кечагидан қаттиқроқ бақириш ёки ёнингиздаги кадрларни алмаштириш деб ўйлаяпсизлар? Давлатнинг масъул вазифасида ишлаб туриб, олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳиятини англолмаётган, етарлича англай олмаётган «кадр»ларни кўриб, «Воҳ, Президентим-а», деворасан беихтиёр.

Президент Сиздан ўз тафаккур тарзингизни ўзгартиришни талаб қилаяпти, Сизнинг масалаларни «болта билан» эмас, ақл билан ҳал қилишингизни кутаяпти. Муаммо пайдо бўлгандан кейин уни ҳал этишнигина эмас, муаммо пайдо бўлишининг олдини олишни талаб этаяпти. Президентга бугун асал тилли маддоҳлар эмас, аччиқ тилли аммо қалби бўриларники каби бўлмаганлар керак! Сўзи ўзгарганлар эмас, қалби ўзгарганлар керак. Наҳотки буни тушуниш шунчалар қийин?!

Аввал ҳам айтган гапим: мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Саид-Абдулазиз Юсупов,
сангтарош Уста

Kun.uz дан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан