Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга АҚШга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди

19.12.2017 | Ўзбекистон | 2921

19 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг расмий сайтида маълум қилинди.

Икки давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон – Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга Ўзбекистон делегациясининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш мақсадида АҚШга ташрифи чоғида уюштирилган самимий қабул, шунингдек, АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилган йирик бизнес-форум иштирокчиларига йўллаган табрик сўзи ва ушбу анжуманни қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Ўз навбатида, АҚШ Президенти Ўзбекистон халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдириб, унинг меҳнаткашлиги таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. У мамлакатда амалга оширилаётган демократик ва иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи, жумладан, фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ тадбирларни яна бир бор қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари Афғонистонни иқтисодий тиклашда уни халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди. Шу маънода Афғонистон Президентининг декабрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган муайян лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги келишувларга юксак баҳо берилди.

Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга содиқлигини таъкидлади.

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида Президент Трамп Шавкат Мирзиёевга АҚШга расмий ташриф билан боришни таклиф этди.

Суҳбат якунида икки мамлакат раҳбарлари бир-бирини кириб келаётган 2018 йил билан табриклаб, энг эзгу тилакларни изҳор қилди.