Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шахсий тажриба: ЙҲХБ жаримасини бекор қилиб, суд орқали маънавий компенсация ундириш йўли
20.12.2017 18:55,  
9

«Kommersant.uz» тошкентлик автоҳаваскорнинг видеорегистратор ва «Йўл ҳаракати қоидалари» китобчаси ёрдамида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига қарши тура олиш ҳақида билдирган фикрлари билан бўлишди.

Тошкентлик Станислав Капустин YouTube’да ўз каналини очган, унда ЙҲХБ ходимлари билан баҳсларини, жумладан, уларнинг нопрофессионал ҳаракатлари исботлари туширилган видеороликларни қўйиб боради.

Каналда видеолар кўп эмас, лекин Станиславнинг сўзларига кўра, шахсий архивида бу каби видеолар анча-мунча йиғилиб қолган – у роликларни давлат органлари очиқлигига ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг самарадорлигига ишонч ҳосил қилганидан кейингина эълон қилишга аҳд қилган.

Станислав фуқаролик судида ютиб чиқишга, ноқонуний ёзилган жаримани бекор қилишга ва 500 минг сўм миқдорида маънавий компенсация олишга муваффақ бўлди.

«Овозингни ўчир ва тек тур»

Станислав Капустин: «Мени буткул ғазаблантирган воқеа Самарқандда рўй берди. Йўл инспекцияси ходимлари мени тўхтатиб, текшириш учун ҳужжатларимни сўради. Қонун доирасида иш кўриб, мен олдин улар ўзлари ҳужжатларини кўрсатишларини сўрадим.

Бунга жавобан улар мени машинадан тортиб туширишди, юкхонани очиб, автомобилни тита бошлашди. Атрофга 50 га яқин киши йиғилди, улардан ёрдам сўрамоқчи бўлгандим, «Овозинги ўчир ва тек тур» деган буйруқни эшитдим. Қаршилик қилиш бефойда эканлигини тушундим ва видеосуратга ола бошладим.

Машинадаги ҳамма нарсани оёқ-устун қилиб, ЙҲХБ ходими ҳужжатларимни сўради – ҳайдовчилик гувоҳномаси, «техпаспорт» ва суғурта талони. Иккинчи ходим шахсимни тасдиқлаш учун паспортимни талаб қилди. Мен паспортим Тошкентда эканлигини, ҳайдовчилик гувоҳномаси шахсни тасдиқловчи кучга эга ҳужжат эканлигини айтдим. Бу далил беэътибор қолди. Мени инспектор машинасига ўтказдилар ва участкага олиб кетдилар, автомобилим эса ўша жойда қолди.

Участкада мени қўлга олишларида ҳозир бўлган бир ходим телефонимни олиб, ундаги барча видеоёзувларни ўчириб ташлади. 20 дақиқалардан кейин навбатчи менга ҳужжатларни қайтариб берди ва кетишим мумкинлигини айтди. Мени қўлга олган инспекторларнинг исм-шарифларини айтиш, машинамгача олиб бориб қўйиш ёки кузатиб қўйиш ҳақидаги илтимосларим жавобсиз қолди – индамай эшикни ёпиб қўйишди.

Бир амаллаб, ўткинчилардан сўраб-суриштириб, машинам қолиб кетган жойга етиб олдим. Ўшанда шахсий хавфсизлигимни таъминлаш учун видеорегистратор олишга қарор қилдим».

Охири йўқ баҳслар

Бугунги кунда Станислав бир вақтнинг ўзида бир қанча суд муҳокамаларида қатнашмоқда. У ютиб чиққан иш «Разводят на скорост. Узбекистан ГАИ ДПС» номли роликда кўрсатилган.

Воқеа март ойида, M-39 Тошкент – Самарқанд трассасида, Жиззах вилоятида рўй берди. 989-километрда ҳайдовчи қоидаларни бузмай, Самарқанд томонга ҳаракатланарди. Шунда уни ЙҲХБ инспектори тўхтатади.

Сабаби – гўёки у 3.24 «Юқори тезлик чекланган» белгиси талабларини бузган экан. Ҳолбуки, ушбу белги тагида 7.1.1. «Манзилгача бўлган масофа» (белгиланган йўлнинг хавфли жойигача бўлган масофани, йўл ҳаракатига тегишли чекловлар киритилган жойни ёки ҳаракат йўналиши бўйича олдиндаги муайян жойни кўрсатади) кўрсаткичи бўлган. Станиславнинг сўзларига кўра, ушбу белгилар биргаликда таъсирга эга бўлмайди, чунки у қайрилиш белгиси (бу эса, юқоридаги тезликни чеклаш белгиси амал қилиши тўхташини англатади)дан кейин тўхтатилганди.

Станислав Капустин: «Мен бу йўналишда кўп қатнайман ва ҳар гал шу белгига кўзим тушади. Мени бу жойда уч бора тўхтатишган (роликда учинчи тўхтатиш қайд этилган). Дастлабки икки галда ўзимнинг айбсиз эканлигимни исботлаб берганимдан кейин, инспекторлар ҳайдовчилик гувоҳномамни қайтариб беришган. Учинчи гал инспектор, афтидан, қасддан ишни жаримагача олиб боришни истаган. Лекин мен таслим бўлишни хоҳламадим.

Илтимосимга кўра, инспектор машинасига ўтирдик («торпедка»сида иккита расмийлаштирилган баённома ётарди) ва ҳалиги белги олдига бордик. «Манзилгача бўлган масофа» табличкасини кўрсатдим ва бу ерда унинг жойлашуви мантиққа зид эканлигини айтдим. Шу белги бўлмаганда, муаммо бўлмасди.

ЙҲХБ ходими бунинг тескарисини исботлашга уринди, лекин бунда мен узатган «Йўл ҳаракати қоидалари» (бу китобчани доим ёнимда олиб юраман)га қарашдан бош тортди. Бу иши тушунарли эди – китобчани очганида, ўзининг касбига нолойиқ эканлигини тан олишга тўғри келарди.

Баҳсни судда давом эттиришга қарор қилдим ва ундан масалани қонуний йўл билан ҳал этиш учун баённомани расмийлаштиришни сўрадим. Менга 750 минг сўм миқдорида жарима белгиланди. Ўз навбатида, мен ШЙҲХБга ариза ёздим, у мени туман ЙҲХБга йўллади. Йўлнинг ўша қисми учун булар жавоб бермасликлари сабабли, далолатнома туздик ва ишим Жиззах ЙҲХБга юборилди.

Бир қанча вақтдан кейин мени Тошкентдан Жиззах шаҳар ЙҲХБга чақиришди. Бўш вақтим бор эди, дарҳол йўлга чиқдим. У ерда ҳайдовчилик гувоҳномамни қайтаришди, ўзларининг ноҳақ эканликларини тан олишди ва агар даъвом бўлмаса, озод эканимни айтишди. Даъвом эса, албатта, бор эди.

Даъвом, биринчи навбатда, менинг номимга баённома ва жарима расмийлаштирган ходимларга қаратилганди. Иккинчидан, йўлнинг ўша қисмидан ҳайдовчиларни адаштирадиган белгиларни олиб ташлашларини истардим. Қолаверса, менга моддий ва маънавий зарарни қоплашларини талаб қилдим, уларни жами 750 минг сўмга баҳоладим.

Фақат бир ой ўтгач, жарима бекор қилингани, зарарнинг қопланиши тўғрисида эса, фуқаролик судига мурожаат қилишим кераклиги ҳақида хат келди. Мен фуқаролик судига даъво киритдим, унга инспекторнинг вазиятга ўз муносабатини бидирган тушунтириш хатини ҳам илова қилдим».

Фото: «Kommersant.uz»

Белги олиб ташланди, жарима бекор қилинди

Станислав суд қарорига фақат Президент виртуал қабулхонасига мурожаат орқали эришди. Суд даъвогарга маънавий компенсация сифатида 500 минг сўм ва даъво аризасини беришда сарфланган давлат божи учун 75 минг сўм тўлаш ҳақида қарор чиқарди. Даъвогар турли идораларга қатнагани, аризалар топширгани, квитанциялар тўлагани ва бир неча бор Жиззахга бориб-келганлиги факти аниқ эканлигига қарамай, чеклар бўлмагани учун, моддий компенсация тўланмаслиги ҳақида қарор қабул қилинди. Можарога сабаб бўлган M-39 Тошкент – Самарқанд трассаси 989 километридаги йўл белгилари олиб ташланди.

Фото: «Kommersant.uz»

Компенсацияни суд қароридан уч ярим ой ва инспектор тўхтатган санадан саккиз ой ўтгач олишга муваффақ бўлинди. Суд Станиславнинг ҳақ эканлигини тан олган бўлса ҳам, Жиззах ЙҲХБда у ҳануз ҳуқуқбузар сифатида ҳисобда туради – агар у, айтайлик, тезликни 5 км/соатга оширса ҳам, такрорий ҳуқуқбузарлик сифатида ЭКИҲнинг 5 баравари(861 200 сўм) миқдорида жарима тўлайди. Бу масалани Станислав бош прокуратура орқали ҳал этиш ниятида.

Икки кулфат

Афсуски, кўплаб ҳайдовчилар ҳақиқатдан ЙҲҚни, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини етарлича билмайдилар. Бошқа тарафдан, ЙҲХБ ходимлари орасида нопрофессионал мутахассислар ҳам учраб туради, улар Станислав роликларида очиқ-ойдин намоён бўлади – йўл инспекцияси ходими билан деярли ҳар бир суҳбат мантиқсизликка олиб боради. Инспекторлар ҳайдовчини тўхтатганликларини асослаб бера олмайдилар, ҳуқуқбузарликни «тирноқ тагидан» қидиришни бошлайдилар, ҳайдовчига ошнасидек муомала қиладилар ва бу билан нопрофессионалликларини кўрсатадилар.

Яна бир муаммо мавжуд – ишни охирига етказиш ва қоғозбозчиликни енгиб ўтишга қанча асаб ва куч кетишини билган ҳайдовчиларнинг аксарияти «ишни жойида ҳал қилиш»ни маъқул кўрадилар. Бу лабиринтдан ўтишга ҳамма ҳам рози бўлмайди: турли муассасаларга қатнаш, турли ҳужжатлар тўплаш, даб-дурустдан ЙҲХБга чақириб қолишлар… Бу – бир муаммонинг бир неча босқичда ҳал қилишни кўзда тутувчи бюрократик тизимнинг етук эмаслигидир.

Станиславнинг мақсади – шахсий намуна кўрсатиб, ҳайдовчиларни ўз ҳуқуқларини чуқур ўрганиш ва талаб қилиш ва албатта, ЙҲҚни бузмасликка чақириш, шунингдек, ходимларнинг нопрофессионаллигига ва хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ҳолатларига ЙҲХББ эътиборини қаратишдан иборат.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан