Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Олий Мажлис Сенатига ҳисобот берди

21.12.2017 | Ўзбекистон | 2674

Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси иккинчи кунида Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ахбороти тингланди, деб хабар қилди Ҳукумат портали.

Вазир жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва шу орқали жамиятда тинч ва осуда ҳаётни таъминлаш борасида янги механизм жорий этилганини таъкидлади.

Олий Мажлиси Сенати томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари устидан кучли жамоатчилик ва парламент назоратини ўрнатиш тизими йўлга қўйилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 апрелдаги Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш тўғрисидаги фармони ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларни янги босқичга кўтаргани қайд этилди.

Вазир ўз нутқи давомида ички ишлар органларида ҳокимлик, прокуратура ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалла миқёсида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, нохуш ҳолатларга замин яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган "ҳаракатлар формуласи" асосида иш ташкил этаётганини маълум қилган.

Шунингдек, ИИВ раҳбари республика ҳудудида жиноятларнинг камайишига эришилгани тўғрисида баёнот берган.

Бобожоновга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 минг 788 тага, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 5 минг 722 тага пасайган. Хусусан, қотиллик 122 тага, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 94 тага, номусга тегиш 92 тага, босқинчилик 78 тага, талончилик 142 тага, ўғирлик 511 тага, фирибгарлик 107 тага, безорилик 848 тага, транспорт воситаларни олиб қочиш 17 тага камайган.

Жорий йилда Ўзбекистоннинг 1 минг 79 маҳалласида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Хоразмда "Жамоатчилик назорат масканлари" йўлга қўйилгани эвазига мавжуд маҳаллалардан 25 фоизи, Наманган шаҳри "Орзу" маҳалласидаги ижобий тажрибадан самарали фойдаланилиши натижасида вилоятнинг 20 % маҳалласи жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантирилишига эришилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 107, Сурхондарёда 139, Жиззахда 53, Навоийда 52, Андижонда 126 маҳаллада жиноят содир этилмади.

Вазир камчиликларга ҳам тўхталиб ўтган: жиноятчилик статистикаси олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига ҳали жавоб бермаслигини кўрсатаётганини айтган.

Амалга оширилган комплекс ислоҳотларга қарамасдан, айрим раҳбар ходимлар томонидан унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунмасдан, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, ҳануз эски қолип асосида иш олиб бормоқда. Бунинг оқибатида қатор ҳудудларда оғир ва ўта оғир жиноятларнинг ошиб кетишига, қидирувда юрган шахсларнинг сони кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда.

Мажлисда бундай ҳолатларга барҳам бериш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилган.