Ўзбекистон йил давомида чет эллик ҳамкорлар билан 60 млрд долларлик шартнома имзолади

22.12.2017 | Иқтисод | 2301

Ўзбекистон йил давомида чет эллик ҳамкорлар билан 60 миллиард долларлик битимлар имзолади, деб баёнот қилинди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 13 ялпи мажлисида.

Сенатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг миллий қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ахборотда қайд этилишича, йил давомида 20 дан зиёд олий даражадаги ташриф алмашилди. 60 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилма раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. 380 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда 60 миллиард АҚШ доллари миқорида 200 дан ортиқ шартнома ва битимлар тузилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан умумий товар айланмаси жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 16,6 фоизга ошди ва 22 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди. Жумладан, Россия билан 18 фоизга, Хитой билан 15 фоизга, Қозоғистон билан 12 фоизга, Туркия билан 31 фоизга, Корея Республикаси билан 36 фоизга ўсди.

Мирзиёев ташаббуси билан қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқди. Жумладан, минтақа мамлакатлари раҳбарлари билан 20 дан зиёд учрашувлар, олий даражада 10 та давлат, расмий ва амалий ташрифлар ўтказилди.