Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилади

22.12.2017 | Ўзбекистон | 5454

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида"ги ва "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасига бағишланган анжуман давом этмоқда.

Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

"Дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизм тарқалишига ҳамда бу иллатлар глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди", — деди Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида.

Президент Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида"ги ва "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.