Ўзбекистон 2018 йилда Қирғизистонда Ravon автомобилларини ишлаб чиқаришни бошлайди

23.12.2017 | Ўзбекистон | 2768

Ўзбекистон келгуси йилдан Қирғизистонда Ravonнинг иккита моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган, деб маълум қилди Sputnik нашри ҳукуматдаги манба.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда томонлар янги қувватларни ишга тушириш учун ускуналарни етказиб бериш ҳамда GM билан қатор масалаларни келишиш бўйича маслаҳатлашувлар олиб бормоқда.

"Январдаёқ ишлаб чиқариш йўлга қўйиладиган майдонни шакллантириш ва жиҳозлаш ишлари бошланишини кўзда тутмоқдамиз. Енгил машиналар ишлаб чиқаришда Қирғизистон томонидан "Автоцентр Эстакада" компанияси, Ўзбекистон томонидан GM Uzbekistan ҳамкор бўлади. Дастлабки намуналар 2018 йил охирида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган", — деди суҳбатдош.

Унинг айтишича, бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон келгуси йилда яна иккита лойиҳа – қишлоқ хўжалик техникалари ҳамда юк машиналари ва автобуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган.

"Автобуслар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган майдонда ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Бу Қораболтадаги автотаъмир заводи бўлади. Бу ерда, шунингдек, қишлоқ хўжалик техникалари ҳам йиғилади. Ҳозирда мавжуд қувватларни модернизация қилиш учун ускуналар танланмоқда", — деди манба.

Қайд этиш жоиз, GM Uzbekistan яқин йилларда Қозоғистон автомобиль бозорида етакчиликни қўлга олишни ҳамда Сант-Петербургда йиғув ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш орқали Россия бозорида мустаҳкам жой олишни режалаштирган.

Ҳозирда GM Uzbekistan ўнта русумдаги автомобиль: Nexia, Cobalt, Gentra, Malibu, Matiz, Spark, Captiva, Orlando, Damas ва Labo ишлаб чиқаради.

Республика ичида енгил автомобиллар Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилади. Экспортга эса Ravon савдо маркаси остида чиқарилади.