БМТ КХДРга қарши янги қатъийлашган санкцияларни жорий қилди

23.12.2017 | Жаҳон | 2557

БМТ Хавфсизлик кенгаши 22 декабрь, жума куни КХДРга қарши санкцияларнинг қатъийлашганини кўзда тутувчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

«Овоз бериш жараёни натижалари қуйидагича: Кенгашнинг 15 нафар аъзоси резолюция қабул қилинишини ёқлаб, овоз берди. Резолюция лойиҳаси бир овоздан қабул қилинади», — дейди Хавфсизлик кенгаши раиси, Япониянинг БМТдаги доимий вакили Коро Бешо.

АҚШ томонидан тайёрланган резолюция лойиҳаси кенгаш аъзоларига яқинда тарқатилган эди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея бўйича ҳужжати нефть маҳсулотларини етказиб беришни кескин қисқартиришни кўзда тутади.

Шу тарзда КХДРга нефть, жумладан дизель ёқилғиси ва керосин етказиб беришни қарийб 90 фоизга камайтириб, уларнинг ҳажмини йилига 500 минг баррелга тушириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, КХДРга турли хил минерал моддалар, кимёвий товарлар, электр жиҳозлари, шунингдек айрим озуқавий маҳсулотлар етказиб бериш тақиқланади.

Шунингдек, барча мамлакатларга Шимолий Корея портларидан келаётган ёки у ердан кетаётган кемаларни тўхтатиш, тинтув қилиш ва ушлаб туриш ҳуқуқи берилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяга нисбатан янада қаттиқроқ санкциялар жорий этилганини юқори баҳолади, бу КХДРнинг баллистик ракеталар синовига жавобан амалга оширилди. Қўшма Штатлар раҳбари бу ҳақда жума куни Тwitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзган.

"БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳозиргина Шимолий Кореяга нисбатан қўшимча санкциялар учун 15-0 кўринишида овоз берди. Жаҳонга тинчлик керак, ўлим эмас!" – дея ёзган АҚШ президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ КХДРга ҳарбий ҳужум қилиш режасини ишлаб чиқаётгани, бу уни ядровий дастурни тўхтатишига мажбурлаш мақсадида керак бўлиши ҳақида хабар берилганди.