Тест синовлари ўн беш кун давомида ўтказилади, жавоблар бир кунда чиқади

24.12.2017 | Илм-фан | 4112

Бундан буён олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар ўтказилади. Шунингдек, кириш тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. 

Янги ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмайди. Масалан, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ва алоҳида иқтидор талаб этадиган таълим йўналишларига фақат ижодий имтиҳонлар орқали қабул қилиш йўлга қўйилади.

Маълумот берилишича, бу йил 729 минг нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирди, тест синовларини ўтказиш учун 1080 тадан кўп бино ва 22 мингдан ортиқ аудитория керак бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 16 ноябрда Ўзбекистон президентининг "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.