Туркия ва Ўзбекистон янги қўшма корхоналарни ишга туширади

25.12.2017 | Ўзбекистон | 3104

Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари уюшмасининг президенти раҳбарлигида Туркия Республикаси ишбилармон доиралари делегацияси Ўзбекистонга келди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 25 декабрь куни Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ташкил этилди.

Тадбирда ўзбек ва турк компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Бизнес-форум ўзбек ва турк томонларининг маърузаларини тинглаш шаклида ўтказилди. Учрашув чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича комплексларни қуриш, тўқимачилик ва чарм-қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналарни ташкил этиш, жумладан, пахта толаси ва чарм хомашёсини қўшма чуқур қайта ишлаш, фармацевтика соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали тайёр брэнд маҳсулотларини ташқи бозорларда илгари суришни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Туркиянинг ўзаро ҳамкорликка бўлган интилиши икки давлат тарихида келажак сари қўйилган муҳим қадам саналади.

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 1,2 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси хажми 29%га ўсди.

Ҳозирда Ўзбекистонда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритади. Фақатгина 2016 йилнинг ўзида республикада турк капитали иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилиб, 53 та компаниянинг ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилган.