Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни Россияда ишга жойлаш бўйича битимнинг тўлиқ матнини эълон қилди

26.12.2017 | Ўзбекистон | 2826

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни Россияда ишга жойлаш бўйича битимнинг тўлиқ матнини эълон қилди.

"Фуқароларимизнинг кўп сонли мурожаатларига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 апрелда Россияга амалга оширган давлат ташрифи чоғида имзоланган Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимнинг тўлиқ матни ТИВ интернет ресурсларида чоп этилмоқда", дейилади ТИВ хабарида.

Битим 17 моддадан иборат бўлиб, у Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш бўйича Томонлар ҳамкорлигининг тартиби ва шартларини белгилаб беради.

Унга кўра, ишчиларга эхтиёжи бўлган Россия иш берувчилари, бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар, иш хусусияти, иш ҳақи, иш режими, таълим, касбий билимлар, кўникмалар, иш стажига бўлган малака талаблари, иш берувчи томонидан чет эллик ишчига тақдим этиладиган қўшимча ижтимоий кафолатлар тўғрисида ахборотни ахборот-таҳлилий тизимда жойлаштириш бўйича фаолиятни ташкиллаштирадилар.

Битимда Россия ва Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва муассасалар – Россия Таълим ва фан вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Ҳужжатда ёзилишича, иш берувчи меҳнаткаш-мигрантларни ишга қабул қилишда зарурий санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга мувофиқ яшаш жойлари, меҳнатнинг хавфсиз шартлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, шунингдек иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаши ва Россия қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам даражадан кам бўлмаган кафолатланган меҳнат ҳақини бериши шарт.

Битимнинг 7-моддасида кўрсатилишича, меҳнаткаш-мигрантлар Россия қонун ҳужжатлари ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш ҳуқуқига эга ҳамда иш берувчи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг расмий байрам кунларида меҳнат фаолиятидан озод қилинишлари мумкин.

Мазкур битим номуайян муддатга тузилган бўлиб, шу йилнинг 21 декабрь куни кучга кирди.