Вилоятлар ўртасидаги ЙПХ ва ППХларнинг қанча қисми тугатилиши маълум бўлди

27.12.2017 | Ўзбекистон | 5337

Ўзбекистонда 133 та йўл-патруль хизмати маскани ҳамда патруль-пост хизмати стационар масканидан 66 таси тугатилади. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга маълум қилди.

Ўтган жума куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат вилоятлари ўртасидаги постларни ёпиш зарурлиги ҳақида маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу каби постларнинг жойлашуви нафақат фуқароларга, балки савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризмга ҳам катта салбий таъсир кўрсатмоқда.

ИИВ раҳбарининг қайд этишича, жами постларнинг 60 таси йўл-патруль хизмати маскани, 73 таси эса патруль-пост хизмати стационар маскани ҳисобланади. Дастлабки ўрганишлардан кейин 133 постдан 66 тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.