Озишга тўсқинлик қилувчи 4 та омил

02.01.2018 | Тиббиёт | 3370

Сиз парҳез қиляпсиз, мева-сабзавотларни кўпроқ ея бошладингиз, тамадди қилиб олишларни тўхтатдингиз, мунтазам равишда югуриш билан шуғулланяпсиз, аммо вазнингиз камаймаяпти. Хўш, бундай пайтда нима қилиш керак?

Машқ қилиш учун овқатланасиз

Жисмоний юкланмани оширишингиз билан, параллел тарзда иштаҳа ҳам яхшиланиб боради, ахир организм сарфланаётган энергия ўрнини тўлдиришга уринади. Аммо сиз овқат билан ўзингиз йўқ қилаётган калориядан кўра кўпроқ калорияни истеъмол қилаётган бўлсангиз, вазнингиз камайишига умид ҳам қилиб ўтирманг.

Мутахассислар югуришга чиқишда ва спортзалга қатнашда давом этишни, бироқ овқатингиз калориясини пухталик билан назорат қилишни тавсия этади. Ўзингиз сарф қилаётган энергия ўрнини музқаймоқ ёки ширин кулча билан тўлдиришга уринманг.

Кунни ширинлик билан бошлайсиз

Бодроқ, ширин қаҳва, ширин кулча — буларнинг барчаси куннинг қолган қисмида тутилган парҳезни йўққа чиқаради. Нонуштага истеъмол қилинган углеводлар кун бошида ўзингиз учун анча фойдали модда — оқсилга эга бўлмаётганигизни билдиради. Кўп сонли тадқиқотлар сифатли оқсилли нонушта озишга ва кун давомида керагидан ортиқ нарса еб қўймасликка ёрдам беришини кўрсатмоқда.

Сўли ёрмасидан тайёрланган бўтқа, варенье сурилган нон ёки ширин творог ўрнини, яхшиси, тухум ёки ёнғоқ ва мевалар қўшилган ёғсиз йогурт (қатиқ) билан алмаштирган маъқул.

Узоқ вақт оч қоляпсиз

Оч қолиш — ўзи учун ноқулай ҳолатда қолиш демакдир. Сиз доимо очликни ҳис қилсангиз, оза олмайсиз. Тадқиқотларга кўра, очлик билан боғлиқ ноқулайликларга, жумладан, қориндаги оғриқларга ўзига хос нейронлар сабабчи бўлади, улар энергия танқислиги чоғида ишлаб кетади ва одамни зудлик билан егулик қидиришга мажбур қилади. Вазнингиз қанчалик кам бўлса, ушбу сигналлар шунчалик кучли бўлади ҳамда очлик билан боғлиқ оғриқларни ва овқатланиш истагини енгиш ҳам шунчалик қийин бўлади.

Ўткир очлик ҳиссини кутиб ўтирманг. Сизга “бироз тамадди қилиб олиш ёмон бўлмасди” деган фикр келиши билан, буни амалга оширинг.

Стрессни эътиборсиз қолдирасиз

Стресс чоғида кортизол гормони миқдори ошади, шунингдек, бетатрофин оқсили ажралади, у организмда ёғ парчаланиши жараёнига тўсқинлик қилади. Шифокорлар аниқлашича, “стресс гормони” бўлмиш кортизол миқдори ортиб кетса, нормал вазнга эга одамларда ҳам қоринда ёғ йиғила бошлайди. Сурункали стресс натижасида уйқу ҳам бузилиши мумкин.

Агар сиз озишни истасангиз, албатта стрессни енгишингиз керак. Бунда медитация, йога, расмларни бўяш ёки психотерапия усулларидан фойдаланиш мумкин.