Парламент соғлиқни сақлаш тизими устидан назоратни кучайтиради

04.01.2018 | Тиббиёт | 2573

Парламент қуйи палатасининг 4 январь куни бўлиб ўтган жорий йилдаги илк мажлисида депутатлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасини тузиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар, дея хабар қилди ЎзА.

Мажлисда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, ушбу соҳада жорий этилган депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ва унинг натижалари танқидий таҳлил этилиб, бу борадаги фаолиятни амалий ҳаракатлар билан такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, депутатлар янги тузиладиган қўмита аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан бевосита ҳудудларда фаолият юритиб, ҳақиқий депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширган ҳолда тиббиётни аҳолига яқинлаштириш борасида аниқ таклифлар тайёрлаб, уларнинг натижаларига эътибор қаратиши, бу борадаги қонун ижодкорлиги жараёнини фаоллаштириш билан бирга, соҳага доир қонунлар ижросини ўрганиши лозимлигига алоҳида тўхталдилар.

Мажлис якунида сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасини тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди ҳамда янги қўмитанинг таркиби сайланди.

Қўмитага «Миллий тикланиш» Ўзбекистон Демократик партияси фракцияси аъзоси Иноят Хожиев раис бўлди.