Ўзбекистон 2 йил ичида кўмир қазиб олиш ҳажмини кескин оширмоқчи

05.01.2018 | Ўзбекистон | 2446

Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб кўмир қазиб олиш ҳажмини кескин оширишни ният қилган. Ушбу лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятидаги Шаргун кўмир конида йиллик кўмир қазиб олиш ҳажми бугунги 150 минг тоннадан 900 минг тоннага етказилиши режалаштирилмоқда.

"Ўзбекистон Темир йўллари" матбуот хизмати хабарига кўра, Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси ушбу лойиҳани амалга оширишга киришди. Хитойлик мутахассислар умумий узунлиги 1,5 минг километр бўлган эски кўмир шахталарини қайта тиклаш ҳамда 2,2 км янги туннеллар қазиш ҳисобидан қўшимча миқдорда хом-ашё қазиб олишни режалаштиришган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 105,5 миллион долларни ташкил қилади. Тайёрлов ишлари  2020 йилнинг биринчи чорагида якунлаш режалаштирилган. Шагункўмир маҳсулотини ташиш учун 20 километрли темирйўл қурилади ва мавжуд йўллар таъмирланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Шаргун конида кўмир заxиралари 33 миллион тоннадан ортиқ. Бу республикадаги энг бой кон ҳисобланади. Бугунги кунда дунёнинг етакчи кўмир қазиб олувчи мамлакатлари Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Германия, Россия ва Украина ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам яқин йилларда ушбу рўйхатдан жой олишни режалаштирган.