Тошкент вилоятига янги ҳоким тайинланди

05.01.2018 | Ўзбекистон | 3723

5 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифини бошлади. Айни пайтда давлат раҳбари иштирокида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради «Kun.uz».

Хабар берилишича, шу пайтгача вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келган Ғуломжон Ибрагимов​ Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди.

Ғуломжон Ибрагимов 1958 йили Тошкент вилоятининг Пискент туманида таваллуд топган. У 1980 йилда Тошкент политехника институтини, 2003 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий ишбилармонлик мактабини тамомлаган.

Анча йиллар давомида Олмалиқ кимё заводида меҳнат қилган, 2004–2010 йилларда «Ўзкимёсаноат» компанияси раиси сифатида фаолият кўрсатган. 2010 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати таркибида бош вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди. 2017 йил ноябрь ойидан бошлаб Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Тошкент вилояти ҳокими сифатида ишлаб келган Шукрулло Бобоев 30 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ташкил этилган видеоселекторда ишдан олинган эди. Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида Бобоевнинг ишдан олинишига вилоятда 2017 йилги терим мавсумида пахта ҳосилига қўшиб ёзиш ҳолатлари қайд этилгани сабаб бўлгани ҳақида гапириб ўтганди.