Шавкат Мирзиёев: «Тошкент вилояти аҳолиси чироқ ўчиши нималигини билмасин!»

06.01.2018 | Ўзбекистон | 3070

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида ҳудудда янги гидроэлектр станция қурилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» хабар бермоқда.

Видеоселектор шаклида ўтган сессияда Шавкат Мирзиёев вилоят электр таъминотидаги узилишларни танқид қилган.

«Одамлар Тошкент вилоятида чироқ ўчиши нималигини билмасин! 80 та трансформатор жадаллик билан таъмирланади», — деб айтган Президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги электр таъминотининг истиқболи хусусида ҳам айрим маълумотларни айтиб ўтган.

«Давлат раҳбари ўз маърузасида Тошкент вилоятида янги гидроэлектр станцияси қурилишини ҳамда яқин беш йилда электр энергиясининг 32 фоизини ГЕСлар таъминлашини, шунда электр ишлаб чиқариш арзонга тушишини маълум қилди», — деб ёзади «Xabar.uz».

Айни вақтда, янги ГЕС айнан қаерда қурилиши, унинг қуввати ва бошқа ўзига хосликлари ҳақида қўшимча ахборот берилмаган.