Қариялар уйидаги олим: Уйимни эмас, илмий ишларимни қайтарсин

06.01.2018 | Блог | 4800

Қимматли ускуналарнинг ички тизими устида изланиш олиб борган ўзбек олими бугун қариялар уйида муҳтож аҳволда. Ажабланяпсизми? Ҳа, биз шу кўйга етиб келдик. Ижодкор Муаззам Иброҳимова профессор Пўлат Орипов билан суҳбатининг давомини чоп этди.

Бироқ биз кўнглимизга ўрмалаган ғалати иштибоҳни сизга баён қилмасак, бўлмайди. Нуфузли олим нега авариядан сўнг ғамхўрлик қилиши мумкин бўлган қариндошларидан ажралиб қариялар уйига тушди. Бунинг устига хотирасидан ажралди, янаям қизиғи қариндошлари нега уни унутишга маҳкум этишди. Худди кинолардагидек, шундай эмасми? Детектив филмларда ўта муҳим сирни билган шахс атайин хотирасидан жудо эттирилади, яқинларидан узоқда сақланади. Эҳтимол, ошириб юборгандирмиз. Бироқ қулоғимизга чалинган гапларга кўра, Пўлат Орипов юксак мартабали раҳбарларнинг бирига яқин қариндош бўлади. Мартабали қариндош нега ўз яқинини бу алфозда ташлаб қўйгани эса бизга қоронғу.

Қариялар уйида яшаётган олим, физика- математика фанлари доктори, профессор Пўлат Убаевич Орипов ҳақида видеолавҳа ҳавола қилганимдан сўнг, фидойи олимни таниган инсонлар топилди. Мақола Sof.uz интернет нашрида ҳам берилгач, Пўлат Убаевич умрининг энг яхши йилларида фаолият юритган, икки йил раҳбарлик қилган (1976-78 й.) У.А. Арифов номидаги Ион-плазмали ва лазерли технологиялар институти (собиқ Электроника институти)нинг директори Ҳотам Ашуров хат ёзиб, олимни шахсан таниши ва унинг қариялар уйида эканлигидан бехабарлигини баён этган. Унинг айтишича, Пўлат Убаевич бир неча йиллар илгари институтга келиб, ўғли Россияга олиб кетаётгани айтиб, хайрлашган. Шундан сўнг олимнинг тақдиридан бехабар бўлган.

Бугун Х. Ашуров билан телефон орқали анча суҳбатлашдик. Суҳбатдан шу маълум бўлдики, Пўлат Убаевич Орипов узоқ йиллар Позитрон системалар ва позитрон диагностика бўйича илмий иш, тажрибалар олиб борган. 1990-йилларда институтнинг моддий аҳволи ёмонлашгач, маълум хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган лаборатория ёпилганлиги сабабли Пўлат Ориповнинг илмий тажрибалари ҳам тўхтатилган...

Шундан сўнг олим институтдан кетиб, бошқа олийгоҳларда талабаларга дарс бериб юрган.

Хусусан, собиқ Политехника институтида ва Ядро физикаси институтида ҳам бир муддат ишлаган эканлар.

Пўлат Орипов билан суҳбатлашганимда эса ўзининг “йўқолиб қолиши” сабабларини шундай изоҳлади:

- Ўғлим Россияга олиб кетмоқчи эди, лекин туғилган тупроғимдан узоққа кетгим келмади. Авариядан (домланинг айтишича, қандайдир автоҳалокат содир бўлган) сўнг жияним Раъно - яъни опамнинг қизи ўз уйига (Физика-техника институти ҳудудида ҳовлиси бор экан) олиб кетиб, парваришлай бошлади. Ҳеч қанча муддат ўтмай, нима бўлганини билмайман, февраль ойида шу ерда кўзимни очдим...

- Марказ 4 да уйингиз бор эди...

- Билмадим. Балки, ҳозир ҳам бордир. Чилонзор 16-даҳасида эди, менимча... Нима бўлганини билмайман. Чунки хотирам сусайиб, ноадекват ҳолатда эдим. Уйим ҳозир ҳам турибдими?

Пўлат отанинг бу саволига жавоб бера олмадим. Зеро, унга ягона жавоб бериши мумкин бўлган инсон - ўша, Раъно исмли жияни бўлади. Уни таниганлар борми? Балки, халқ олдида ошкора жавоб берар!

Отахоннинг сўзларини тинглар эканман, шифокор сифатида шунга амин бўлдимки, унда кексаларга хос хотира сустлиги бор. У 1975-1990 йиллар орасида яшаётгандай, ўша даврларда олиб борган илмий ишлари ва тажрибалари ҳақида тўлқинланиб гапиради, илмий изланишлари ҳақида шахсан Президентга етказишимни илтимос қилади.

Домла бутун дунёни қамраб олган интернетни тан олмай, «Мен яратган ноу-хау бўйича дунёда аналоги йўқ қидирув тизимини яратиш мумкин», деб, аллақачон «Google» номи билан машҳур тизим борлигини ҳам билмайди...

 Илм-фан, тараққиёт ҳақида гап кетганида кўзлари порлаб кетади. Шунга амин бўлдимки, профессор жамиятга керак бўлган, илмий ишлар олиб борган даврларини қўмсайди ва хаёлан ўша даврда яшайди!

Ҳа, айтганча, Пўлат Убаевич етмишинчи йиллар охирида олиб борган илмий изланишлари – яъни, позитрон системалар асосида ишлайдиган тиббий ускуналар «ПЭТ диагностика» ХХl асрда кенг қўлланмоқда. Бу қимматбаҳо тиббий ускуналар хориж давлатларидан келтирилади. Балки 1990- йиллар Ўзбекистондаги илмий текшириш институтларидаги моддий базалар ғариблашиб, илмий лабораториялар ёпилмаганда, физика-математика фанлари доктори, профессор Пўлат Убаевич Ориповдай инсонларнинг олиб борган илмий изланишлари тўхтаб қолмаганида, «ПЭТ диагностика» асосида ишлайдиган тиббий ускуналар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилган бўлармиди?

 Балки олим қимтинибгина исмини тилга олган таниқли қариндоши озгина ёрдам бериб, холаваччасининг илмий тажрибалари бўлаётган лабороторияни сақлаб қолганида Ўзбекистон тараққиёти учун катта ҳисса қўшган бўлармиди? Нима бўлганида ҳам, кимларнингдир касрига қолган Пўлат Ориповнинг қимматли йилларидан унумли фойдалана олмадик. Энди афсусдан фойда йўқ.

Биргина ўтинчим - олимларимизни, фидойиларимизни эҳтиёт қилайлик.

Қайсидир қариндоши ёки қора риелторл ар томонидан чув туширилиб, қариялар уйларида, янаям ёмони кўча-кўйларда яшаётган, чет элларда юрган зиёлиларимизни излаб топиб, уларга ўзига муносиб ҳурмат, кўрсатайлик. Балки улар кексалик туфайли аввалгидай фойда келтира олишмас, лекин ўша аввалги хизматлари учун ҳам иззат кўрсатайлик! Негаки, оддий эътибор ҳам мўъжизаларга қодир. Балки, яна қуёшдай порлаб, зиё таратишлари ҳам мумкин-ку!

 ...Ҳеч бўлмаса, ёлғизлатиб қўймайлик!

 Газета, журналларнинг муқоваларига  қиёфалари тижоратбоп бўлмаса ҳам зиёлиларнинг сурати билан кўрк бериб, ёш авлод онгида чинакам фахр туйғуларини уйғотайлик!

Кетар чоғим, Пўлат ота кўзида ёш билан яна бир илтимос қилди:

- Жияним Раънони топинг! Менга уйим эмас, у ерда қолган илмий ишларим, кутубхонам, олиб борган тажрибаларим, хулосаларини қайтарсин! Отам профессор Убай Ориповдан қолган китоблар ҳам бор. Уларни ёш олимларнинг ихтиёрига топширишим керак!

Муаззам Иброҳимова

PS. Бугун олган хабаримизга кўра, унутилган олим ҳақидаги мақола тарқалгандан сўнг ўша даргоҳда саросима бошланган ва шифокорлардан бири ишдан олинган. Бу жараённи кузатишда давом этамиз.