Блогер фикри: Қирғизистонлик киночилардан ўрганмаймизми?

07.01.2018 | Блог | 3216

Каналдан-каналга олаётганимда қирғиз каналлардан бирида Қўқон хонлиги ҳақида гапираётганини кўриб қолдим. Қирғизлар бу тўғрисида нима деяётгани қизиқ албатта. Кўриб ўтирдим. Аслида кўрсатув Қўқон хонлиги ҳақида ҳам эмас экан. Қирғизларнинг XIX асрдаги етук намояндалари Абдулла додхоҳ ва уни хотини Қурбонжон додхоҳ ҳақида экан. Орада Пўлатхон ҳақида ҳам оз-моз сюжет бор (уям қирғиз бўлган, Худоёрхон қочворгач, уни хон деб эълон қилишган ва оқ кигизга ўраб тахтга кўтаришган. Охири Марғилонда дорга осилган). Хуллас, қирғиз халқини ўша пайтдаги давр қаҳрамонлари кўрсатиб берилган; уларнинг фаолияти, тақдири манзарасида бутун қирғиз халқининг ўша замондаги аҳволи, турмуши ёритилган...

Бундай кўрсатувда Қўқон хонлари, Чор Россияси босқини ва Туркистон губернияси ҳақида гап бормаслигининг иложи йўқ, албатта. Шу сабабли, Маъдалихон, Шералихон, Худоёрхон, фон Кауфман, Черняев, Скоболев, Амир Саид Музаффархон кабиларнинг шахси ҳақида ҳам анча маълумотлар бор.

Кўрсатув кўпроқ ҳужжатли фильм тариқасида ишланган, хронологик видео ва фотоматериллар ўз ўрнида тўғри қўйилган Кадр ортида матнни сюжетга мослаб ўқиб турилибди, лекин энг асосий воқеалар мукаммал саҳналаштирилган (албатта, асл тарихий фильм бўлган Тангем, ёки Косем даражасидамас).

Нима ҳам дердим? Қойил қолдим!.. Аслида, қирғиз халқининг ўша учта шахсдан бошқа яққол кўзга ташланадиган тарихий фигураси ҳам йўқ бўлса керак... Лекин ҳужжатли фильмни қойилмақом ишлашган. Бу кинони кўрган қирғиз ёшлари ўз миллий илдизларини яхшироқ англайди. Оммавий маданиятга, айирмачилик, ксенофобия, мутаасиблика қарши курашда энг яхши пропаганда шу эмасми аслида?!

(Балки у ёқда туркманлар ҳам Жунаидхон, Кўктепа жанги ҳақида бундан-да мукаммал кино ишлаб қўйишгандир...)

Хуллас, ушбу узундан узоқ постнинг индаллоси шуки, Ж.Шодмонов, Р.Саъдиев, Ҳ.Насимов ва ҳоказо режиссёрларни уйғотиш лозим. Керак бўлса камераси билан ухлайдиган режиссёрларни оёққа турғазайлик. Вей, Бобурнинг Ҳиндистонга кетишидан бошлаб, Шайбонийхон, Абдуллахон II, Шерғозихон, Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) ҳақида, ҳеч бўлмаса, худди шу қирғиз ҳужжатли фильмичалик кино ишлай олмайдиган “режисўр” бошқа иш қилгани яхши эмасми? Мен айтган шахслар, шунчаки, энг яқин ўтмишимиздаги сиёсатчи тарихий шахслар холос. Ундан ташқари, Қорахонийлар, Хоразмшохлар, Сомонийлар давлати, Амир Темур ва Темурийлар давлатлари, азиз-авлиёларимиз, олимларимиз, ҳарбий саркардаларимиз ҳақида юзлаб кино ёки ўнлаб сериал ишлаш мумкин....

Қачонгача “Косем” кабиларга маҳлиё бўлади-ю, ўзимизни тарихимиз ҳақида фақат мактаб тарих дарсликларидаги матнлардан бошқа нарса тополмай юради одам?!

Ҳааа, билдим... бу бизнинг ҳамма кўрганда ўўўў дейдиган доно “режисўр”ларимиз ишлашмаса, “келинига кун бермайдиган қайнона”, “уйланишни истамаётганда Лўндўндан яқинда келган Лоулани кўриб шевиб қоладиган бекорчи такасалтанг” ва шунга ўхшаш “ўта супер, долзарб” мавзуларда ким кино ишлайди?! Майли, Қўқон хонлиги ва Чоризм босқини ҳақида қирғизлар кино ишлайверишсин. Зато бизда Бунёдкорррр стад.. ие, йўғэ, “маиший турмуш икир-чикирлари” деган, ундан ҳам чандон муҳим мавзуларимиз бор....

PS. Ўзим физика ва математикага кўпроқ қизиқаман. Лекин, мактабда синфдошларим ичида физикадан ҳам, математикадан ҳам мендан кучли болалар бор эди. Шу сабабли, фан олимпиадаларига бориш учун менга фақат тарих фани қоларди. Шу сабаб бўлиб, мактаб пайтида Ўзбекистон ва жаҳон тарихини яхшироқ ўқиб қолинган (Худога шукр!).

Музаффар Қосимов, orbita.uz сайти асосчиси