ФВВ Қамчиқ довони орқали вақтинча ҳаракатланмасликни тавсия этмоқда

08.01.2018 | Ўзбекистон | 2703

Ўзгидромет маълумотига асосан, 11, 12 ва 14 январь кунлари Қамчиқ довонида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

Хабарга кўра, шунингдек, туман тушиб кўринишнинг 50-100 метргача ёмонлашиши, шамол тезлиги 22-25 м/с гача кучайиши, йўлларда қор уюмларининг юзага келиши, йўлнинг музлаши ҳам кутилмокда.

"Қамчиқ довони орқали вақтинча ҳаракатланмасликни тавсия этамиз", дейилади хабарда.

Маълумот берилишича, Қамчиқ довонида бугун соат об-ҳаво ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши, туман тушиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФВВ матбуот хизмати Қамчиқ довонида 44 та автотранспорт воситаси қор уюмидан чиқариб олингани ҳақида хабар қилганди.