Канн фестивали совриндори Ўзбекистон ҳақида бадиий фильм ишлайди

08.01.2018 | Жаҳон | 2403

Канн фестивали совриндори, ўзининг қўрқинчли, триллер ва детектив жанридаги фильмлари билан машҳур япон режиссёри Киёси Куросава Ўзбекистон ҳақида бадиий фильм суратга олади.

"Япония Маданият вазирлиги фильмни суратга олиш ишларини қўллаб-қувватлашини расман тасдиқлади ва сценарийни тасдиқлади. Фильмнинг бош мақсади Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришдан иборат бўлади", — деди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили.

Япон кинорежиссёрининг суратга олиш гуруҳи ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистонда бўлиб, суратга олиш имкониятларини ўрганиб кетганди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг Японияга сафари чоғида ушбу масала ҳам муҳокама қилинганди.

Киёси Куросава —кинорежиссёр, сценарийнавис, актёр, ёзувчи ва кинотанқидчи. У фаолияти давомида 40дан ортиқ фильм суратга олган бўлиб, улар орасида "Даво", "Инсонийлик имтиҳони", "Жозиба" ва "Лабиринт" фильмлари машҳур.

2008 йилдаги Канн кинофестивалида унинг "Токио сонатаси" фильми жюри мукофотини қўлга киритган, 2015 йилда эса "Соҳилга саёҳат" фильми энг яхши режиссура учун мукофотланган.