Фарзандлар нега отадан кўра онасини кўпроқ яхши кўради?

08.01.2018 | Блог | 3907

Севимли ота бўлмаслик нақадар оғир. Ҳа, болаларнинг «онасининг боласи» бўлиши баъзида оталарнинг кайфиятига таъсир қилади. Агар сиз ҳам 9 ой сизни кўтариб юрган ва ундан кейин сиз яна камида 2 йил юрагининг остида куч-қувват олган вужудга боғланиб қолган даврингизни эслай олганингизда эди, хафа бўлишга ҳожат қолмасди.

Лекин, бундан ташвишга тушманг. Кун келиб, сиз ҳам боланинг ишончига киришингиз мумкин. Унинг учун эса анча тер тўкишингизга тўғри келади. Бола серҳаракат бўлган даврда айниқса отанинг ҳамкорлиги, она билан келишган ҳолда, болага эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ. Отанинг фақат иш ёки оилани иқтисодий таъминлаш билан овора бўлиб қолиши – болага эътибор қаратмаслик учун асос бўла олмайди. Сиз ҳам болангизга ғамхўрлик қилинг.

Ота-оналик, бу – соғлом ва баркамол фарзандни вояга етказишда ягона спорт жамоасига айланиш дегани. Улгуриш, ғолиб бўлиш учун жамоа аъзолари бир-бирларини қўллаб-қувватлаши керак. На эр ва на хотин болани парваришлаш масаласида ёлғиз ўзи ҳамма нарсага улгуриши машаққатли. Бахтли ва ҳамжиҳат оиладагина қийинчиликлар майдаланиб, кичик ташвишларга айланади. Қуйида яхши ота бўлиш сирларини сиз билан бўлишамиз.

Бола дунёга келган вақтдан бошлаб унинг яхши ва ёмон кунига ягона жавобгар одам сиз эканлигингизни ҳис қилинг. Айтишади-ку, ота бўлиш ҳамманинг қўлидан келади, бироқ оталик қилиш ҳаммага ҳам эмас.

Болани овутишни ўрганинг. Буни уддалай олмаслик – фарзанд ҳамда сиз ўртангиздаги мулоқотнинг ва меҳр-муҳаббатнинг жиддий тўсиғи. Аммо ҳали ақлини танимаган болани овутишни истаган ота буни аста-секин, вақт ўтиши билан уддалайди.

Аммо бола улғайиб, ўз фикрини эркин ифодалай олган, ота билан ўйнаб, унга яқин бўлган вақтда ҳам «онасининг боласи» бўлиб қолаверади. Бола асосий эътиборни отадан эмас, онадан кутади. Бола 10 та имкониятдан фақат биттасидагина бирор ишда унга отасининг кўмаклашишини истайди. Аммо отанинг маънавий қўллаб-қувватлаши, ўғли ёки қизини боғчага, мактабга ўзи олиб бориши, олиб келиши, тарбиявий жараёнлар, биргаликда шаҳар айланиш ёки ҳайвонт боғига бориш болада отасига нисбатан ишонч ва ҳурматнинг шаклланишига олиб келади.

Яхши ота фарзанди хато қилганида уни кечира олиши керак. Фарзанди ҳам инсон ахир. Отанинг бу жараёнга муносабати фарзандининг қилмишидан тўғри хулоса чиқаришига хизмат қилиши керак.

Болани қайсидир томонгадир ўзгартиришдан олдин буни синаб кўриш керак. Эҳтимол, аввало ўзимиз ўзгаришимиз керакдир.

Ҳурмат қозониш учун сиз ҳам болангизни ҳурмат қилинг. Унга муносабатда бағрикенг бўлинг. Унутманг, аҳил оилани мустаҳкам тутиб турувчи куч – қондошлик эмас, балки ҳурмат ва хурсандчиликдир.

Фарзандингизни кузатинг. Унинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Ота-оналар ҳаётдаги кўпчилик муаммоларга фарзандларини кузата туриб ечим топадилар.

Яхши ота – тартиб-интизомли ота. У фарзандларини севади. Фарзанди хато қилса, хатоларини куч эмас, сўз қудрати билан тушунтириб беради.  Унутманг, ҳаётда фарзандингиз учун сиз қолдиришингиз мумкин бўлган энг муҳим нарса мол-давлат эмас, гўзал хулқ-атвор ва тарбиядир.

Вақт шуни кўрсатмоқдаки, фарзандимиз учун гўзал келажак яратишга қодир бўлмасак ҳам, умримиз давомчиларини келажакка тайёрлашга имконимиз етарли. Ана шунда фарзанд учун бир умрлик севимли ва қадрди ота бўлиш сизга насиб қилади.

Бу йўлда барчангизга омад ёр бўлсин!