Навоийлик “калкулятор бола”ни қўллаб-қувватлайдиганлар борми?

09.01.2018 | Блог | 4670

Шу кунларда Ўзбекистон аҳлининг назарига тушган “Индиго” кўрсатувидаги “Калькулятор” болажон ҳақидаги мақолам катта шов шувга сабаб бўлди. Кўплаб сайтлар босиб чиқаришди, бу ҳақдаги постлар деярли барча гуруҳлар орқали 1000га яқин бўлишилди, ўн минглаб “лайк”лар олиниб, сон-саноқсиз изоҳлар билдирилди. Шу икки-уч кун ичида бир нарсани кўриб, халқимдан фахрланиб кетдим: бизнинг халқимиз илм-маърифатни ич-ичдан биринчи ўринда кўришини исботлади, илмли ёшни қўлида кўтариб уни олқишлашга доимо тайёр экан! Мақолага муносабат орқали халқимиз илмнинг қадрини нечоғлик эъзозлашини намойиш қилишди, раҳмат ҳаммага!

Дўстларимиз ушбу ёш талантнинг уй манзилини топиб уни қўллаш кераклиги ҳақида жуда кўплаб хатлар ёзишди. 3 кун деганда ниҳоят унинг манзилини топиб дадаси билан гаплашдик.

Бир жиҳатга эътибор беринглар, қаҳрамонимиз кўпчилигимиз тахмин қилгандек ҳеч қандай “Ментал арифметика” курсларига қатнашмаган экан, фақат туғма қобилият эвазига шу натижага эришган экан (яна бир бор қойил қолдим!)

Демак йигитчамиз Тотлибоев Муҳамадали Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Бахтижар ҚФЙ, Қангли қишлоғи 45-уйда яшаркан, ҳозир Навоий шаҳар 14-мактабнинг 6-синфида (атиги олтинчи синф!) ўқир экан. Дадасининг исм-шарифи Оқбўтаев Қодиржон экан.

Дўстлар, бефарқ бўлмаганингиз учун катта раҳмат, талантни топдик, бир акция ўтказсак, нима дейсизлар?

Муҳаммадалини қўллаб-қувватлаш мақсадида почта орқали 2 қатор хат билан бирорта китоб ва ёки имкон қадар эсдалик совға юборсак, 13 ёшли келажаги порлоқ талантимизнинг кўнглини кўтарсак нима дейсиз? Ҳавас қилайлик, фарзандимиз ҳам шундай талантли бўлиб бутун Ўзбекистоннинг олқишига сазовор бўлсин, сизнинг 2 оғиз хатингиз бугунги почтадан бир-биримизга хат ёзиб ҳақиқий хат олиш завқини йўқотиб бораётган техника тараққиёти даврида бу ёш иқтидорнинг жамиятга накадар керак эканлигини ҳис қилиб, янада ўз устида ишлашига рағбатлантирган бўлар эди. Худо хоҳласа, бу йўналишда ростдан ҳам Гиннеснинг рекордини янгилашига сабаб бўлиши мумкин!?

Ватандошлар, ушбу таклифимни қўллаш учун озгина турмуш ташвишларидан чалғиб савоб ишга қўшиласизлар, деб умид қиламан, ушбу постни ҳам худди илгариги мақолам каби ҳаммага бўлишишга ўз ҳиссангизни қўшасизлар деб умид қиламан ва ишонаман.

Илм-маърифатни эъзозлаган барча юртдошларимизга яна бир бор катта раҳмат.

Исроил Тиллабоев, математика ўқитувчиси

Фарғона