Жамоат ҳожатхоналаримиз ободми?

10.01.2018 | Блог | 2705

Бундан 15 йил аввал BBC сайтида Ўзбекистонга саёҳат қилган исроиллик туристнинг мақоласини ўқигандим. Саёҳатчи Ўзбекистонга сафари таассуротларини баён қиларкан келгуси туристларга юртимиз ҳақида учта муҳим тавсияни беради (бири ижобий, бири нейтрал, бири салбий):

1. Ўзбекистонга ёз-куз мавсумида боринг. Ўзбек қовунларидан қўрқмасдан тўйгунингизча енг. Дунёнинг ҳеч бир ерида бунақа мазали қовунни топа олмайсиз.

2. Ўзингиз билан албатта каттароқ кармон олволинг. Алмаштираётган ўзбек сўмларингиз сизнинг чўнтак ҳамёнингизга сиғмайди.

3. Ўзбекистонда ҳеч қачон кўчадаги жамоат ҳожатхоналарига кирманг. Яхшиси, ҳожатингизни меҳмонхонада битириб олинг. Дунёдаги энг ёмон ҳожатхоналар – Ўзбекистондадир.

Кейинроқ бир рус блогерининг Марказий Осиё кўча ҳожатхоналарининг аянчли аҳволи ҳақидаги фото блогини ўқидим. Муаллиф эринмасдан, аямасдан таҳлил қилган.

Биз кўпинча, ҳали Европа ботқоқда ётган маҳал мусулмонлар жамоат ҳожатхоналари, хаммомларни қуриб, инсониятга тақдим қилганлар, деб мақтанамиз. Мақтанамиз, холос...

Аслида жамоат ҳожатхоналари ҳам бир давлат ҳақида тасаввурнинг кичик бўлса-да, элементларидан бири. Ҳатто совчиликка борган ўзбек аёллари бир баҳона қилиб, оиланинг ҳожатхонасини текшириб чиқишаркан. Ҳожатхонаси озода бўлган оиланинг қизи ҳам озода бўлади, дейишаркан.

Ўзбекистонда жамоат ҳожатхоналари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилаётганини ўқиб жуда мамнун бўлдим.

Ўтган йили Қозоғистоннинг Чимкент-Қизилўрда трассасида ҳар 15 километрда транспортларни таъмирлаш учун чуқур йўлак ва ҳожатхоналар ташкил этилганини кўргандим. Йўл кўрсатгичларда ҳожатхона ва бошқа зарурий масканларга қанча метр қолгани йўл белгилари орқали кўрсатилган. Буни бизда ҳам жорий қилиш керак. Шунда йўл четидаги нохуш ҳолатларга камроқ назаримиз тушарди.

Жамоат ҳожатхоналари пулли бўлиши тарафдориман. Чунки, текин бўлган жойда тараққиёт секин бўлади. Ҳожатхоналарнинг озодалиги, гигиеник жиҳатдан тозалиги учун махсус фонд ажратмалари бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ.

Бу борада пойтахт масжидлари таҳоратхоналаридан ибрат олса арзийди. Мен кўрган дунёнинг ҳеч бир масжидида таҳоратхоналар Тошкентдагидек озода эмас. Икки ҳарамни зиёрат қилган дўстларимиз ҳам буни тасдиқлашди. Кўчадаги жамоат ҳожатхоналарига ҳам таҳоратхоналардек эътибор қаратилса, юртимиз меҳмонлари ва юртдошларимизнинг юзи кўпроқ кулиб турарди.

Давронбек Тожиалиев